Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2024 йилнинг 13 ноябрь куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси доимий вакили Акико Фудзии билан учрашди.

Суҳбат давомида меҳмон Омбудсманнинг асосий фаолият йўналишларига, жумладан Вакилнинг аҳоли билан мулоқоти қандай йўлга қўйилганига қизиқиш билдирди.

Ўзаро мулоқот давомида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ўтказилиши режалаштирилаётган лойиҳалар муҳокама қилинди. БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси доимий вакил Акико Фудзии ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш йўналишида ҳамкорликни кучайтириш муҳимлигини таъкидлади. Ҳар ким иккинчи имкониятга ва ҳаётини янгидан бошлашга ҳақли эканидан келиб чиқиб, жазо муддатини ўтаб, озодликка чиққан ёшлар учун лойиҳалар, махсус курслар ташкил этиш таклифини билдирди.

Шунингдек, меҳмон Омбудсман институти билан ҳамкорликни давом эттиришга қизиқиш билдириб, ёшлар орасидаги жиноятларни олдини олишга қаратилган лойиҳалар устида ишлаш ҳам аҳамиятли эканлигини таъкидлади.

Учрашув самимий ва дўстона руҳда ўтди. 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати