Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳаси билан Омбудсман ўз олдида турган вазифаларини монеликсиз ва самарали амалга ошириши учун қўшимча кафолатлар ҳамда унинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматини ишончли ҳимоя қилиш чоралари белгиланяпти.
Шунингдек, Омбудсманнинг фаолияти тўғрисидаги маъруза Олий Мажлис палаталарининг мажлисларида ҳар йили эшитилиши назарда тутилмоқда. Давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати тўғрисида Омбудсман томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий Мажлис палаталарига тизимли равишда ахборот тақдим этиш тартиби мустаҳкамланмоқда.
Бундан ташқари, Омбудсман томонидан ҳар йили 15 мартга қадар Олий Мажлис палаталарига қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маъруза тақдим этиш кўзда тутилмоқда. Омбудсманнинг қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқи белгиланмоқда.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасини муҳокама қилар экан, унинг муҳимлигини таъкидлаб, киритилаётган янги нормалар Омбудсман фаолиятини янада такомиллаштиришга, унинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, халқаро ҳамкорликни амалга оширишдаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилишини алоҳида қайд этдилар. Таклиф ва мулоҳазалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати