“Омбудсман мактаби” тадбирида дастлаб амалдаги ва янги таҳрирдаги Меҳнат Кодексларининг фарқли томонлари киритилган янгиликлар уларни қўллаш механизмлари бўйича иштирокчиларга батафсил маълумотлар берилди.
Тадбирда таъкидланишича, Янги Меҳнат кодексида меҳнат таътилининг энг кам давомийлиги 21 календарь кундан иборат бўлади. Ходимлар битта ташкилотда ёки соҳадаги иш стажи учун қўшимча таътил кунларига эга бўладилар. Ходимга ишлаган йилларининг ҳар бир 5 йили учун 2, аммо бир иш йилида жами 8 кундан ошмаган, қўшимча таътил куни тақдим этилади. Шунингдек таъкидлаш жоизки, фойдаланилмаган таътил куймайди ва ходим иш даврида ёки меҳнат шартномасини бекор қилишда фойдаланилмаган барча таътиллар учун пулли компенсация олиши мумкин.
Шунингдек, фуқаролар билан бўлган очиқ мулоқотда тарихий қонун дея таърифланаётган Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга доир қонуннинг мазмун-моҳияти очиб берилди.
Тадбирда мазкур қонун бугунги кунда хотин-қизлар ҳамда вояга етмаганларга нисбатан содир этилаётган турли хил зўравонлик ҳолатларига нисбатан қатъий жазо чораларини белгилаш билан бир қаторда бундай салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилгани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, мазкур қонун билан оиладаги жинсий зўравонлик, таъқиб қилиш, шилқимлик, алимент тўлашдан бўйин товлаш учун белгиланган жазо чоралари, ҳимоя ордери муддатини суд томонидан 1 йил муддатгача узайтирилиши ҳамда оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларига хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий судларга берган даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан давлат божидан озод қилингани ҳақида ҳуқуқий тушунчалар берилди.
Очиқ мулоқотда ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва имконият ва имтиёзлар ҳақида сўз борди.
Тадбирда сўз олган маҳалла раислари инсон ҳуқуқларини таъминлашда аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларнинг муҳимлигига эътибор қаратди. Шунингдек, бу каби тадбирларни ўтказишда Омбудсман институти билан ҳамкорликда ишлашга тайёр эканликларини билдиришди.
Ўзаро савол жавоб ва эркин мулоқот руҳида ўтган тадбирда навбатдаги Омбудсман мактабларида кўтарилиши зарур бўлган соҳалар бўйича ҳам таклифлар олинди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати