Ушбу мурожаатда 21-сонли аёллар колониясида тиббий ёрдам етишмаслиги, маданий фаолликка қарамасдан салбий хулосалар берилиши, шунингдек, маҳкуманинг манзил-колонияга ўтказилиш муддатининг кечиктирилаётгани каби жиддий даъволар илгари сурилган. Шунингдек, ходим томонидан айтилган сўзлар маҳкумнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир қилгани таъкидланган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Котибияти ходимлари томонидан дарҳол ушбу муассасага мониторинг ташрифи амалга оширилди. Мониторинг доирасида маҳкумалар учун яратилган шароитлар, тиббий хизмат, озиқ-овқат таъминоти, ётоқхоналар, учрашув хоналари ва меҳнат шароити ўрганилди.
Маҳкума У.Д.нинг мурожаатида келтирилган ҳолатлар юзасидан ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, унинг даврий равишда амбулатор ва стационар тиббий хизматлардан фойдалангани, жумладан 23-сон маҳкумлар учун ихтисослашган касалхонанинг аёллар бўлимида 2024 йил октябрь, 2025 йилнинг февраль ва май ойларида стационар тартибда даво муолажаларини олган.
Шунингдек, унга 21-сон ЖИЭК Тиббиёт бўлимида стационар ва амбулатор тартибида 8 маротаба тиббий хизмат кўрсатилгани аниқланди.
Аввал иқтисодчи бўлиб ишлаган маҳкума У.Д.нинг қарзи 40 млрд сўмдан зиёд бўлиб, шу вақтгача фақат 350 минг сўмдан ортиқ қисми ундирилган.
Унинг манзил-колонияга ўтказиш масаласи 2025 йил 24 июнь куни кўриб чиқилган. Лекин, сўров унинг жазо муддатини ўташи давомида тўғри тузалиш йўлига ўтмаганлиги, етказилган зарарни қоплашга ҳаракат қилмаганлиги сабабли, маъмурий комиссия томонидан рад этилганлиги маълум бўлди.
Колония ходимининг хатти-ҳаракатларига оид даъволар юзасидан 2025 йил 26 май куни хизмат текшируви ўтказилган бўлиб, мурожаатда келтирилган маълумот тасдиқланмаган.
Мониторинг давомида бошқа маҳкумалар билан бевосита суҳбатлар ўтказилиб. фикр-мулоҳазалари ўрганилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ижтимоий тармоқларда бир ёқлама, тўлиқ ўрганилмаган маълумотларни эълон қилиш жамоатчиликда нотўғри тасаввур уйғотиши мумкин. Шу сабабли, бундай ҳолатлар бўйича жамоатчиликка мурожаат қилишдан олдин, улар ҳар томонлама ўрганилиши, ҳуқуқий манзара аниқланиши ва масъул органларнинг расмий маълумотлари асосида хулоса чиқарилиши мақсадга мувофиқ.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати