Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Суд соҳасидаги гендер тенглик ва ҳуқуқ устуворлигини таъминлашда аёл судьяларнинг роли
БМТ Бош Ассамблеясининг 2021 йил 28 апрелдаги 75/274-сонли резолюцияси билан “10 март – Халқаро аёл судьялар куни” деб белгиланган.

2022 йилнинг 14 март куни сана муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий Мажлис Сенати, Судьялар олий кенгаши, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман),  Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорликда “Суд соҳасидаги гендер тенглик ва ҳуқуқ устуворлигини таъминлашда аёл судьяларнинг роли” халқаро конференция ташкил этилди.

Халқаро конференция Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори элчи Пьер фон Аркс жанобларининг қутлов сўзлари билан бошланди.

Тадбирда сўз олган Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова суд тизимида хотин-қизлар иштирокини ошириш зарурати Ўзбекистоннинг “Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида конвенция”, Пекин декларацияси ва Пекин ҳаракатлар платформаси бўйича мажбуриятларидан келиб чиқишига эътибор қаратди.

- Ушбу ҳужжатлар аёлларнинг давлат бошқарувида лавозимларни эгаллаш, давлат бошқарувининг барча даражаларида, жумладан суд тизимида хотин-қизлар учун имкониятлар тенглигини таъминлаш мажбуриятини юклайди. Бундан ташқари, мазкур ҳужжатларда хотин-қизларнинг одил судловдаги иштирокини таъминлаш назарда тутилган. Хорижий давлатлар амалиётида аёл судьяларнинг кўпайиши аҳолининг суд ҳокимиятига бўлган ишончининг ошишига олиб келиши кузатилган.

Тадбирда қайд этилишича, бугунги кунда суд тизимида фаолият кўрсатаётган судьяларнинг 16 фоизи аёл судьялар ҳиссасига тўғри келади. Олий судда эса бу кўрсаткич 21 фоизни ташкил этади.

Эътиборлиси, кўплаб аёл судьялар одил судлов соҳасида раҳбарлик лавозимларида самарали меҳнат қилишмоқда.

Жумладан, 5 нафар аёл судьялар вилоят судлари раислари ва раис ўринбосарлари лавозимида, 75 нафар аёллар эса Судьялар олий кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва вилоят судларида судья лавозимида, 20 нафар аёллар бўлса туман, шаҳар ва туманлараро судларининг раиси лавозимида фаолият олиб бормоқда.

Шунингдек, жорий ўқув йилида Олий судьялик мактабининг магистратура босқичига қабул қилинган 76 нафар талабанинг 16 нафари ёки 23 фоизи аёллардан иборат. Уларнинг аксарият қисми сертификатларни қўлга киритиб, танлов конкурсидан муваффақиятли ўтгач, судьялик лавозимига тайинланади ва бу билан суд тизимидаги гендер кўрсаткичи сезиларли даражада ошади.

Муҳокамаларда суд соҳасидаги гендер тенглик ҳолати ва истиқболдаги режалар, суд тизимидаги гендер вазиятни янада яхшилаш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Конференция якунида Ўзбекистон Республикаси одил судлов соҳасида кўп йиллар давомида фидокорона меҳнат кўрсатган бир гуруҳ аёл судьялар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг фахрий ёрлиқлари билан муносиб тақдирландилар.

Шунингдек, конференция натижалари бўйича аёл судьялар ҳамжамияти бутун Ўзбекистон Республикаси одил судлов тизимига мурожаатнома йўллади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати