Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўз фаолиятининг асосий йўналишларидан бири сифатида аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки, Омбудсманга юборилаётган мурожаатлар таҳлили сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, яшаш шароитларини яхшилаш борасидаги ислоҳотлардан хабардорлик даражаси паст эканини кўрсатди. Шунинг учун жорий йилдан эътиборан республиканинг чекка ҳудудларида маҳаллалар кесимида фуқароларга яратилган имконият ва имтиёзлардан аҳоли хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шу кунга қадар Бухоро, Қашқадарё, Фарғона, Наманган, Сурхондарё, Навоий, Самарқанд, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида “Омбудсман мактаби” тадбирлари ўтказилиб, уларда минглаб фуқаролар қамраб олинди.