Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман мактаби: ҳудудларда фуқаролар билан навбатдаги очиқ мулоқотлар ўтказилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ташаббуси билан аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида ҳудудларда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда.

Навбатдаги очиқ мулоқотлар Бухоро, Наманган, Андижон, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида ташкил этилди. Дастлаб, мурожаатлар таҳлил қилиниб, ҳар бир ҳудуд учун долзарб масалалар аниқланди ва тегишли масъул идора вакиллари жалб этилди.

Тадбирлар давомида 700 нафарга яқин фуқаро қамраб олинди. Жумладан, Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги “Қалмоқон”, Наманган вилояти Уйчи туманидаги  "Қўрғонча", "Навои", "Беруний", "Хуррият", "Боғ" ва "Шифокор", Косонсой туманидаги “Замондош”, “Учқўрғон”, “Ширинбулоқ”, Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги "Шохгузар", "Юксалиш", "Бой", "Дўлана", "Учкўча", Балиқчи туманидаги "Эски марказ", "Кўл", "Ўртақўрғон", "Марказ", "Оққўрғон" ва Андижон шаҳридаги "Юксалиш", "Мустақиллик", "Ўзбегим", "Тинчлик", "Баркамол",  Тошкент вилояти Чиноз туманидаги “Сарбозор”, “Нафис”, “Йўлтушган”, “Гулзоробод”, “Янгиобод”, Янгийўл шаҳридаги “Мезон”, “Наврўз”, “Баҳор”, “Янгибоғ" ва “Бахт” маҳаллаларида яшовчи фуқаролар иштирокида учрашувлар ўтказилди.

Учрашувлар давомида Омбудсманнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ўрни, меҳнат миграциясига оид қонунчилик талаблари, кибержиноятчилик ва молиявий фирибгарликдан ҳимояланиш, шахсий маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига кўрсатиладиган хизматлар ҳамда давлат томонидан берилаётган ижтимоий ёрдам турлари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Очиқ мулоқотлардан сўнг, Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакилларининг сайёр қабуллари ҳам ўтказилиб, фуқаролар мурожаатлари қабул қилинди.

Шунингдек, Сирдарё вилоятидаги Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми талабалари иштирокида ҳам “Омбудсман мактаби” тадбири ўтказилди.

Мазкур учрашувда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда одам савдосига қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди.

“Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасидаги мазкур учрашувлар аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш, мурожаатларда кўтарилган масалаларни жойида ўрганиш ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлашда давлат органлари ва жамоатчилик ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати