Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Мурожаатдан натижага: Жиззахда фуқароларнинг меҳнат, таълим ва мулк ҳуқуқларини таъминлашга кўмаклашилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсманнинг) Жиззах вилоятидаги минтақавий вакилига келиб тушган мурожаатларни ўрганиш натижасида фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тиклашга қаратилган чоралар кўрилди.

Жумладан, Шароф Рашидов туманида яшовчи фуқаро Ф.С. узоқ йиллар давомида зарарли меҳнат шароитида ишлаган бўлса-да, ушбу давр пенсия тайинлашда имтиёзли шартларда ҳисобга олинмаётганидан норози бўлиб мурожаат қилган. Ўрганиш натижасида унинг меҳнат фаолиятини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмагани маълум бўлди.

Мазкур ҳолат бўйича Омбудсман томонидан фуқаро манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга даъво ариза киритилди. Суд томонидан фуқаронинг зарарли меҳнат шароитида ишлаганлик факти тасдиқланиб, даъво талаблари қаноатлантирилди. Бу эса унинг меҳнат стажини пенсия тайинлашда имтиёзли шартларда ҳисобга олиш учун ҳуқуқий асос яратди.

Шунингдек, Зомин туманидаги умумий ўрта таълим мактабида дарс соатлари тақсимоти, ўқув юкламалари ва ички назорат билан боғлиқ инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари юзасидан Омбудсманга шикоят келиб тушган ва назоратга олинган. Омбудсман мурожаатига асосан вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ тузилган ҳолда  мактабдаги ҳолатлар жойига чиқиб ўрганилди. Шу билан бирга, таълим муассасасининг электрон платформаларидаги маълумотлар масофадан таҳлил қилинди.

Ўрганишлар давомида бир қатор камчиликлар кузатилгани ва мактабда ички назорат ишлари етарли даражада ташкил этилмагани аниқланди. Натижада Жиззах вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг тегишли буйруғига асосан мактаб директори ҳамда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарига  нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Бошқа мурожаатлар юзасидан эса фуқароларнинг мулк, таълим олиш, меҳнат ҳамда вояга етмаган фарзандларнинг моддий таъминот олиш ҳуқуқларини таъминлашга кўмаклашилди. Жумладан, мулкий ҳуқуқлар билан боғлиқ муаммолар ҳал этилди, боланинг таълим олиши учун зарур шароит яратилди, ходиманинг иш жойи сақлаб қолинди ҳамда фарзандлар таъминоти бўйича мурожаат ижобий ҳал этилди.

Омбудсман томонидан фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш, бузилган ҳуқуқларини тиклаш ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар давом эттирилмоқда.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати