Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорлик: МДҲ комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди
2026 йил 25 ноябрь куни Минск шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Инсон ҳуқуқлари комиссиясининг еттинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова онлайн иштирок этиб, меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатлари соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласида маъруза қилди.

МДҲ Ижроия қўмитасида ўтказилган йиғилишда Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон вакиллари иштирок этди. Кун тартибига киритилган 16 та масала доирасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорлик, халқаро стандартларни амалга ошириш ва илғор тажрибаларни ўрганиш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, инсоннинг соғлиқни сақлаш ҳуқуқини таъминлаш, пенитенциар тизимда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда кекса ёшдаги инсонларнинг ҳуқуқларини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.

Омбудсман Феруза Эшматова ўз маърузасида меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини миграция жараёнининг барча босқичларида, шунингдек, уларнинг оила аъзолари, айниқса, болалар манфаатларини инобатга олган ҳолда ҳимоя қилиш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Россия Омбудсманлари ўртасидаги ҳамкорлик, фуқаролар мурожаатларини биргаликда кўриб чиқиш, мониторинг тадбирларини ўтказиш ва меҳнат мигрантларининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш борасидаги тажриба қайд этилди.

Бундан ташқари, МДҲга аъзо давлатлар ўртасида меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳамкорликни кучайтириш, мурожаатлар юзасидан ахборот алмашиш, мигрантлар оиласи ва фарзандлари ҳуқуқларига эътибор қаратиш ҳамда одам савдоси ва мажбурий меҳнатдан жабрланган шахсларни ҳимоя қилиш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Йиғилишда, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича МДҲ давлатлари тажрибаси юзасидан шарҳлар кўриб чиқилди. Комиссиянинг 2027 йилдаги раислиги Қозоғистон Республикасига топширилди.

Мазкур йиғилиш меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлатлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, миллий инсон ҳуқуқлари институтлари ўртасида тажриба алмашиш ва амалий механизмларни такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати