Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
ЖИДУдаги “Омбудсман клуби” аъзолари институт фаолияти билан танишди
2023 йилда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) ўртасида юридик кадрларни тайёрлаш соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган эди. Мазкур меморандум доирасида университетда “Омбудсман клуби” ташкил этилиб, унинг фаолияти йўлга қўйилган.

Меморандум доирасида, клуб аъзоларига дарсдан сўнг Омбудсман  институтида амалиёт ўташ ва иш ўрганиш учун имконият яратилган. Шунингдек, Омбудсман Девонининг малакали ходимлари томонидан талабалар учун маҳорат дарслари мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Навбатдаги маҳорат дарси 2026 йилнинг 23 ноябрь куни ўтказилиб, "Омбудсман клуби"га аъзо бўлган талабалар Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) фаолияти билан яқиндан танишишди.

Меморандум доирасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда клуб аъзоларининг назарий билимларини амалий тажриба билан мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган мазкур учрашувда университет профессор-ўқитувчилари ҳамда “Омбудсман клуби”нинг 15 нафар аъзоси иштирок этди.

Давра суҳбати давомида талабаларга Омбудсман институтининг фаолияти, унинг асосий вазифалари ва ваколатлари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмлари, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби юзасидан маълумотлар берилди.

Шунингдек, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоб берилиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги амалий фаолият юзасидан фикр алмашилди.

Бундай учрашувлар ёшларнинг ҳуқуқий билим ва дунёқарашини кенгайтириш, назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштириш ҳамда келгусида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритадиган малакали кадрларни тайёрлашга кўмаклашади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати