Ташриф доирасида мазкур муассасада сақланаётган шахслар учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик, “Омбудсман мактаби” лойиҳаси асосида очиқ мулоқот ва сайёр қабул ташкил этилди.
Дастлаб, тергов ҳибсхонасидаги шахсларнинг яшаш шароитлари, тиббий хизмат кўрсатиш, озиқ-овқат таъминоти, меҳнат қилиш ва яқинлари билан учрашиш ҳуқуқларининг таъминланиш ҳолати ўрганилди. Шунингдек, аввалги мониторинг ташрифлари давомида аниқланган камчиликларнинг бартараф этилганлик ҳолатига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Мониторинг ташрифи доирасида муассасада сақланаётган алоҳида тоифадаги шахслар учун чуқурлаштирилган профилактик тиббий кўрик ҳам ташкил этилди. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган ушбу тиббий кўрикка ҳудудий шифохоналарнинг 12 та йўналиш бўйича малакали мутахассислари жалб этилди.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, 46 нафар аёл, 12 нафар вояга етмаган ва сурункали касалликлари мавжуд бўлган 96 нафар шахс ҳамда хўжалик ишларига қолдирилган 23 нафар маҳкум шифокорлар кўригидан ўтказилди.
Тиббий кўрик давомида ултратовуш текшируви (УТТ), электрокардиография (ЭКГ) ва рентгенофлюорография текширувлари ўтказилиб, умумий қон таҳлили учун намуналар олинди. Текширувларда аниқланган касалликлар бўйича шахслар диспансер назоратига олиниб, мутахассис шифокорлар тавсиясига асосан зарур тиббий муолажалар белгиланди.
Ташриф давомида тергов ҳибсхонасининг хўжалик туркумида сақланаётган маҳкумлар иштирокида “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида очиқ мулоқот ўтказилди. Мулоқот давомида маҳкумларга жазони ўташ давридаги ҳуқуқий кафолатлар, озодликка чиққандан сўнг давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий, тиббий ва моддий қўллаб-қувватлаш чоралари юзасидан тушунтиришлар берилди.
Тадбир доирасида ташкил этилган сайёр қабулда 10 нафардан ортиқ шахснинг мурожаатлари тингланди. Мурожаатлар асосан суд қарорлари, тергов жараёнлари ва бошқа ҳуқуқий масалаларга оид бўлди. Уларнинг айримлари юзасидан жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, қўшимча ўрганиш талаб этиладиган мурожаатларни ваколатли ташкилотларга юбориш белгиланди.
Мониторинг давомида муассасада сақланаётган аёллар билан ҳам жамоавий суҳбат ташкил этилиб, уларга яратилган шароитлар, мавжуд муаммо ва таклифлар ҳам ўрганилди. Шунингдек, "Омбудсман қутилари"га келиб тушган ариза ва шикоятлар кўриб чиқиш учун олинди.
Бундан ташқари, Андижон вилояти ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида ҳам мониторинг ўтказилди. Мониторинг давомида марказда сақланаётган вояга етмаганларнинг шароитлари, шахсий йиғма жилдлари ва ҳисоб ҳужжатлари, таълим олиши, касб-ҳунарга ўқитилиши ҳамда ҳуқуқларининг таъминланиш ҳолати атрофлича ўрганилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






