Мониторингнинг дастлабки куни Самарқанд ва Ургут шаҳар ИИБ Вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, вилоят махсус қабулхонаси, 38-сонли манзил-колония, Ургут ногиронлиги бўлган шахслар учун “Мурувват” аёллар интернат уйи, шунингдек, Республика ихтисослаштирилган наркология ҳамда Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказларининг Самарқанд вилояти филиалларидаги шароитлар ўрганилди.
Ташрифнинг иккинчи кунида эса 7-сон тергов ҳибсхонаси, Иштихон тумани ИИБ Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси ва Мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш Иштихон туманлараро пункти (ҳушёрхона)даги шароитлар кўздан кечирилди.
Мониторинг ташрифлари давомида мазкур муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш, овқатланиш, меҳнат қилиш шароитлари, тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятлари ўрганилиб, зарур дори воситалари билан таъминланганлик ҳамда ювиниш шароитлари санитария-гигиена талабларига мослигига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, шахслар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг мурожаатлари қабул қилинди. Маҳкумларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқини таъминлаш доирасида муассасалардаги «Омбудсман қутиси»нинг ҳолати ва дахлсизлиги ҳам ўрганилди.
Ташриф доирасида 7-сонли тергов хибсхонасида сақланаётган шахслар учун чукурлаштирилган тиббий курик ҳам ташкил этилди. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган ушбу тиббий кўрикка ҳудудий шифохоналарнинг 10 дан ортиқ йўналиши бўйича малакали мутахассислари жалб этилиб, ҳибсхонада сақланаётган 400 нафарга яқин шахслар текширувдан ўтказилди.
Мониторинг якунлари бўйича Олий Мажлис палаталарига таклиф ва тавсиялар тақдим этилади. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда сақланаётган шахслар учун муносиб шароитларни таъминлаш юзасидан тегишли ташкилотларга Омбудсманнинг таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилади.
Маълумот учун: 2026 йилнинг 9 ойи давомида Омбудсман ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга тақдимнома, талабнома ва хулоса шаклида жами 61 та таъсир чораси киритилган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






