“Омбудсман мактаби” тадбирлари ҳудудлардан келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили асосида, фуқаролар томонидан кўп кўтарилаётган масалаларни жойида муҳокама қилиш ва уларга ҳуқуқий тушунтиришлар бериш мақсадида ташкил этилмоқда.
Таҳлиллар Самарқанд вилоятидан 2025 йил давомида 1 409 та мурожаат келиб тушган бўлса, 2026 йилнинг 9 ойи давомида уларнинг сони 1 217 тани ташкил этган. Иштихон туманидан ҳам 2025 йилда 70 та мурожаат келиб тушган бўлса, 2026 йилнинг 9 ойида бу кўрсаткич 56 тани ташкил этган.
Туман аҳолисидан келиб тушган мурожаатларнинг асосий қисми шахсий, иқтисодий, ижтимоий ҳамда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларига оид масалаларни ташкил этган.
Мазкур мурожаатлар таҳлилидан келиб чиқиб, учрашув давомида жамиятда хотин-қизларга нисбатан зўравонликка муросасиз муносабатни шакллантиришда давлат органлари ва маҳалла ҳамкорлиги, эҳтиёжманд аҳоли қатламларига манзилли ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатиш, шунингдек, фуқароларнинг уй-жой ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини қонунийлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Очиқ мулоқот шаклида ўтказилган тадбирда фуқаролар ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий ва ижтимоий масалалар юзасидан саволлар бериб, таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди. Кўтарилган масалаларни ваколатли идоралар билан ҳамкорликда ўрганиш ва ҳал этиш бўйича тегишли чоралар белгилаб олинди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






