Унда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг олий таълим муассасаларида ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган шароитлар, уларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда бу борада мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган махсус ахбороти муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун тенг имкониятлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Хусусан, олий таълим тизимида инклюзив муҳитни шакллантириш, талабаларнинг сифатли таълим олиши ва касбий салоҳиятини рўёбга чиқариши учун зарур шарт-шароитларни яратиш муҳим аҳамият касб этади.
Маълумот учун, Омбудсман томонидан 2026-йилнинг июль–сентябрь ойларида Республикадаги 42 та олий таълим муассасасида мониторинг ташрифлари ўтказилган. Мониторингларда Омбудсман девони ва унинг минтақавий вакиллари, таълим соҳасидаги ваколатли орган, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, санитария соҳаси мутахассислари ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари вакиллари иштирок этган.
Ўрганишлар давомида айрим олий таълим муассасаларининг бино ва иншоотлари ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларига тўлиқ мослаштирилмагани, жумладан, пандуслар, лифтлар, махсус санитария-гигиена хоналари ва бошқа қулайликлар етарли даражада ташкил этилмагани аниқланган.
Шунингдек, ўқув адабиётлари ва электрон таълим ресурсларидан фойдаланишда имконияти чекланган талабалар учун айрим тўсиқлар мавжудлиги, махсус техник воситалар билан таъминлаш ҳамда малакали мутахассислар кўмагини ташкил этиш борасида ҳам ҳал этилиши лозим бўлган масалалар қайд этилган.
Муҳокамалар давомида инклюзив муҳитни баҳолашда фақат инфратузилманинг мавжудлиги ёки ажратилган маблағлар билан чекланиб қолмаслик, энг аввало, ногиронлиги бўлган талабаларнинг яратилган шароитлардан амалда тўлақонли ва мустақил фойдалана олиши асосий мезон бўлиши лозимлиги таъкидланди.
Шу муносабат билан аниқланган камчиликларни бартараф этиш, масъул ташкилотлар фаолияти устидан назоратни кучайтириш ҳамда ҳар бир олий таълим муассасаси кесимида манзилли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди. Бунда ногиронлиги бўлган талабаларнинг фикр ва таклифларини бевосита ўрганиш, уларнинг реал эҳтиёжларидан келиб чиқиб тегишли қарорлар қабул қилиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Йиғилиш якунида олий таълим муассасаларида инклюзив таълим сифатини ошириш, мавжуд инфратузилмани такомиллаштириш, таълим олишдаги тўсиқларни босқичма-босқич бартараф этиш ҳамда бу борадаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган қўмиталарнинг қўшма қарори қабул қилинди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






