Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман кўмагида она ва қизнинг ҳуқуқий мақомига аниқлик киритилиб, боланинг таълим олиш ҳуқуқи таъминланди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га Тошкент вилоятида яшовчи, фуқаролиги бўлмаган шахс Ж.М. мурожаат қилиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида узоқ йиллардан буён доимий яшаб келганлик фактини суд орқали белгилашда амалий ёрдам сўради.

Мурожаатчининг таъкидлашича, тегишли ҳужжатларнинг мавжуд эмаслиги сабабли унинг ҳуқуқий мақомини расмийлаштириш, шунингдек, 11 ёшли қизи учун ҳам туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олишда қийинчиликлар юзага келган. Бу ҳолат фарзандининг таълим олиш ҳуқуқига ҳам салбий таъсир кўрсатиши, хусусан, зарур ҳужжатлар йўқлиги сабабли мактабдаги таълим жараёнидан четда қолиш хавфини юзага келтирган.

Мазкур мурожаат ўрганилиб, фуқаронинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Зангиота туманлараро фуқаролик ишлари бўйича судига даъво ариза киритилди.

Суд томонидан ишга оид ҳужжатлар ва тақдим этилган далиллар ўрганилиб, мурожаатчининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаганлик фактини белгилаш масаласи кўриб чиқилди.

Натижада, суднинг ҳал қилув қарори билан мурожаатчи Ж.М. нинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаганлик факти белгиланди.

Шундан сўнг, фуқаро Ж.М. Ўзбекистон Республикаси шахс гувоҳномасига, унинг 11 ёшли қизи эса туғилганлик ҳақидаги гувоҳномага эга бўлди.

Шу тариқа, Омбудсман кўмагида она ва унинг қизига ҳуқуқий мақомига оид ҳужжатлар расмийлаштирилиб, боланинг таълим олиш ҳуқуқини амалга ошириш йўлидаги тўсиқ бартараф этилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати