Мониторинг доирасида 8-сонли Тергов ҳибсхонаси, 40-сонли Манзил-колонияси, Гулистон шаҳар вақтинча сақлаш ҳибсхонаси ҳамда Махсус-қабулхонасидаги шароитлар ўрганилди.
Ташрифлар чоғида ушбу муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш шароитлари ва озиқ-овқат таъминоти, тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, муассасаларнинг шахсларни сақлаш камералари ва тиббиёт хоналарининг ҳолати, видеокузатув тизимларининг ишлаши, шахсларни кўрикдан ўтказиш тартиблари ҳамда муассасаларнинг қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ўрганилди.
Мониторинг жараёнида ушбу муассасаларга ўрнатилган “Омбудсман қути”лари орқали келиб тушган мурожаатлар ҳам кўриб чиқилди.
Эслатиб ўтамиз, Омбудсман томонидан қийноққа солиш ҳолларининг олдини олиш бўйича ўтказилган мониторинг ташрифлари якунлари асосида тайёрланган таҳлилий маълумотлар, жумладан, мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар юзасидан масъул вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тегишли таъсир чоралари киритиб борилади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






