Мурожаатда қайд этилишича, оилавий поликлиникада ишлаб келган ходима бола парваришлаш таътили давомида бошқа оилавий поликлиникага ўтказилган, бироқ ушбу ўзгаришлар меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган.
Мурожаат Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили томонидан назоратга олиниб, Қўшработ тумани соғлиқни сақлаш бўлимидан тегишли ҳужжатлар ва тушунтиришлар олинди.
Ўрганиш натижасида Омбудсман томонидан Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига қонун бузулиши ҳолатини ҳамда уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилди.
Омбудсман тақдимномасидан сўнг Қўшработ тумани соғлиқни сақлаш бўлимининг тегишли буйруғи билан фуқаро М.М.нинг ўз аризасига асосан бола парваришлаш таътилидан муддатидан олдин ишга қайтиши таъминланди.
Шунингдек, ходима учун фарзанди уч ёшга тўлгунига қадар ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қисқартирилган иш вақти белгиланди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






