Хусусан, Навоий шаҳридаги тиббий-санитария бўлимида ишловчи фуқаро меҳнат ҳуқуқлари бузилгани, хусусан, меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари тўғри ҳисобланмагани юзасидан Омбудсманга мурожаат қилди.
Мурожаат Омбудсманнинг минтақавий вакили сўровига асосан Навоий вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси билан ҳамкорликда ўрганилди. Хизмат текширувида бухгалтерия ҳисоб-китобидаги хатолик сабабли меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўланмай қолгани аниқланди.
Мазкур тўлов 1019 кунга кечиктирилгани инобатга олиниб, Меҳнат кодексининг 333-моддаси талаблари асосида тўлаб берилиши таъминланди. Шунингдек, хатоликка йўл қўйган масъул ходимнинг лавозим маошига белгиланган кўпайтирувчи коэффициенти бекор қилинди.
Яна бир мурожаатда Навоий вилоятида яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахс Н.Т. 2019 йилда туғилган фарзандини умумтаълим мактабига жойлаштиришда муаммога дуч келгани сабабли Омбудсманга амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Масала минтақавий вакил ҳамда тегишли таълим органлари билан ҳамкорликда ўрганилди. Натижада боланинг 1-синфга қабул қилиниши таъминланди.
Шунингдек, фуқаро М.Б. алимент маблағлари кам миқдорда тўланаётгани сабабли юзага келган қарздорликни ундиришда ёрдам сўради.
Ҳолат Омбудсманнинг минтақавий вакили ҳамда Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўрганилди. Алимент тўловлари қайта ҳисоб-китоб қилинганда қарздорлик мавжудлиги аниқланди.
Шундан сўнг қарздор ишлайдиган ташкилот ҳисобхонасига тегишли талабнома юборилиб, алимент қарздорлиги ундирилди ва маблағ мурожаатчининг банк картасига ўтказилиши таъминланди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






