Мониторингларда Омбудсман ҳузуридаги Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолларининг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳи аъзолари ҳам иштирок этди.
17 сентябрь куни Муборак туманидаги 33-сон манзил-колонияси, Косон туманидаги 10-сон жазони ижро этиш колонияси, Косон тумани Ички ишлар бўлимининг вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, ҳамда Қарши шаҳридаги 5-сон тергов ҳибсхонаси ўрганилди.
18 сентябрдаги мониторинг Қарши шаҳридаги 35-сон манзил колониясидан бошланди. Шу куни Қарши шаҳридаги 3 ва 2-сон жазони ижро этиш колониялари, Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг психиатрия хизмати бўйича Қашқадарё вилояти филиалидаги шароитлар кўздан кечирилди.
Ташрифлар давомида муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш ва овқатланиш шароитлари, тиббий хизматдан фойдаланиши, меҳнатга жалб этилиши, яқинлари билан учрашув ва телефон орқали мулоқот қилиш ҳуқуқларининг таъминланиши, санитария-гигиена ҳолати ҳамда видеокузатув воситаларининг ишлаши ўрганилди.
Шунингдек, ушбу муассасаларга жойлаштирилган "Омбудсман қути"лари кўздан кечирилди ҳамда сақланаётган шахслар билан жамоавий ва ҳоли тарзда, муассаса ходимларининг иштирокисиз сайёр қабуллар ўтказилиб, уларнинг мурожаатлари қабул қилинди.
2 ва 3-сон жазони ижро этиш колонияларида Давлат раҳбари ташаббуси билан йўлга қўйилган “Иккинчи имкон” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳам ўрганилди. Ушбу муассасаларда 30 ёшгача бўлган маҳкумларга ахборот технологиялари ва инглиз тили ўргатилмоқда. Лойиҳа ёшларнинг замонавий касблар ва хорижий тилларни эгаллаши, озодликка чиққанидан сўнг ишга жойлашиши ҳамда ижтимоий ҳаётга мослашишига кўмаклашишга қаратилган. Шунингдек, мазкур муассасаларда маҳкумлар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ҳам ўтказилди.
Мониторинг давомида Косон тумани Ички ишлар бўлимининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасида ювиниш хоналари мавжуд эмаслиги, камералардаги яшаш шароитлари қониқарсизлиги ҳамда белгиланган жиҳозлар билан таъминланмаганлик ҳолатлари аниқланди.
Шунингдек, 10-сон жазони ижро этиш колониясида сақланаётган маҳкумлар сонини инобатга олган ҳолда, уларнинг яқинлари билан узоқ муддатли учрашувлар ўтказиши учун хоналар сонини кўпайтириш зарурати қайд этилди.
Мониторинг якунлари бўйича Олий Мажлис палаталарига таклиф ва тавсиялар тақдим этилади. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда сақланаётган шахслар учун муносиб шароитларни таъминлаш юзасидан тегишли ташкилотларга Омбудсманнинг таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилади.
Қайд этиш лозимки, Қарши шаҳар вақтинча сақлаш ҳибсхонасида Омбудсман томонидан илгари берилган тавсияга мувофиқ, бинони капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш режалаштирилган. Бунинг учун 2026 йилда Ички ишлар вазирлиги томонидан тегишли дастур тасдиқланиб, 2 млрд 376 сўм маблағ ажратилиши белгиланган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






