Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Қашқадарёда мурожаатлар кўп келиб тушаётган ҳудудлар билан манзилли ишлаш йўлга қўйилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га келиб тушган мурожаатлар таҳлили Қашқадарё вилоятининг Косон туманидан мурожаатлар сони юқори эканини кўрсатди.

Шундан келиб чиқиб, Омбудсманнинг Қашқадарё вилоятидаги минтақавий вакилининг Косон туманида намунавий фаолиятини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Мазкур режа вилоят ҳокимлиги, халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгаши ҳамда Омбудсманнинг минтақавий вакили ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Режага мувофиқ, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар маҳаллалар кесимида таҳлил қилиниб, мурожаатлар сони юқори бўлган ҳудудлар аниқланди. Ҳар бир ҳудудга у ерда кўп кўтарилган масалалардан келиб чиқиб тегишли давлат ташкилотлари ва идоралар бириктирилди. Уларга мурожаатларнинг келиб чиқиш сабабларини жойида ўрганиш ва масалаларни манзилли ҳал этиш вазифаси юклатилди.

Жорий йилнинг 8 июлидан бугунги кунга қадар туманда 37 маротаба сайёр қабул ва учрашув ўтказилди. Улар тумандаги 74 та маҳалланинг 25 тасини қамраб олди.

Сайёр қабуллар давомида 137 та масала бўйича мурожаат қабул қилинди. Шундан 52 таси кўриб чиқилиб, 40 таси, яъни 76 фоизи ижобий ҳал этилди, 12 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди. Қолган 85 та мурожаат ҳозирда ўрганиш жараёнида.

Таҳлилларга кўра, мурожаатларнинг асосий қисми нафақа тайинлаш, моддий ёрдам ва пенсия, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, алимент ва қарз ундириш, ижро иши юритиш, шунингдек, кредит, банк хизматлари ҳамда солиқ масалаларига тааллуқли.

Сайёр қабуллар ва тегишли ташкилотларни ҳудудларга бириктириш орқали мурожаатларда кўтарилган масалаларни фуқаролар яшайдиган жойнинг ўзида ўрганиш ва ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати