Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг Сурхондарёдаги мониторинглари: аввалги тавсиялар ижроси ўрганилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Сурхондарё вилоятидаги минтақавий вакили томонидан Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳар ва Жарқўрғон тумани ИИБлари вақтинча сақлаш ҳибсхоналари (ВСҲ), Сурхондарё вилоят ИИБнинг Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхонаси (Махсус қабулхона) ва Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш маркази (РЭМ), Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Сурхондарё филиали ҳамда Термиз шаҳри ва Жарқўрғон туманидаги мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига (ҳушёрхона) мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Мониторинг ташрифлари давомида ушбу муассасаларда сақланаётган шахсларнинг ётоқ жойлари, ювиниш хоналари, ошхона, тиббиёт бўлими, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон воситалари билан таъминланганлиги ҳамда уларни сақлаш шароитлари, кутубхона, маданий дам олиш, телефон орқали сўзлашув, тинтув хоналари, сайилгоҳ, тергов ва адвокатлар хоналаридаги шароитлар, шунингдек, муассасалар ҳудудида ўрнатилган видеокузатув камераларининг ҳолати кўздан кечирилди.

Мониторингларда аввалги тавсияларнинг ижроси ўрганилди ҳамда тавсияларнинг бажарилганлиги маълум бўлди. Хусусан, Жарқўрғон тумани ва Термиз шаҳридаги ВСҲда сунъий шамоллатиш тизими янгиланган, сайр майдончаларига ўриндиқлар ўрнатилган ва санитария-гигиена ҳолатлари яхшиланган.

Бундан ташқари, РЭМда дори-дармонлар рўйхати мавжуд эмаслиги ва айрим зарур дори воситалари етишмаслиги маълум бўлди.

Шунингдек, Жарқўрғон туманидаги ҳушёрхонада Вазирлар Маҳкамасининг 644-сон қарорининг талабларига қарамай, муассасада қўриқлаш хизмати ташкил этилмаган.

Махсус қабулхона, Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Сурхондарё филиали ва Термиз шаҳридаги ҳушёрхонада жиддий камчиликлар қайд этилмади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати