Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Сирдарё вилояти ҳудудий марказида ташкил этилган “Ҳуқуқий ёрдам автобуси” тадбирида Омбудсманнинг Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили, вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси, вилоят Мактабгача ва мактаб таълим бошқармаси, Гулистон шаҳар ИИБ ва Гулистон давлат университети психологи иштирок этишди.
Айни пайтда мазкур марказда фарзандлари билан бирга 8 нафар аёл яшамоқда. Учрашув давомида уларнинг муаммолари тингланиб, уларга давлат ҳимояси, ҳуқуқий ва психологик кўмак, шунингдек ишлаш, тадбиркорлик билан шуғулланиш ва уй-жой масалалари бўйича мавжуд имкониятлар ҳақида тушунтиришлар берилди.
Учрашувдан кейин улар билан алоҳида суҳбат ўтказилиб, мурожаатлари қабул қилинди. Хусусан, улар томонидан кўтарилган масалаларнинг барчаси бўйича аниқ чоралар белгилаб олинди.
Мулоқот чоғида нафақат жабрланувчиларни қўллаб-қувватлаш, балки зўравонликка йўл қўйган шахслар билан профилактик ва тарбиявий ишларни кучайтириш муҳимлиги ҳам таъкидланди.
Тадбир якунида марказдаги аёллар билан тажрибали психологлар томонидан якка тартибда иш олиб борилиб, уларнинг руҳий ҳолатини тиклаш ва психологик қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар амалга оширилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати.






