Ташриф доирасида Феруза Эшматова Қирғиз Республикаси Акыйкатчыси (Омбудсмани) Жамила Жаманбаева билан учрашди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, ишонч ва стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб бораётган даврда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳам янада кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Томонлар фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш, ахборот алмашинуви ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш масалаларида тезкор ҳамкорликни кучайтириш юзасидан фикр алмашдилар.
Учрашув якунида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Қирғиз Республикаси Акыйкатчыси (Омбудсмани) ўртасида 2022 йилда имзоланган ҳамкорлик меморандумига қўшимча киритиш бўйича протокол имзоланди.
Ушбу протокол икки мамлакат худудларида бўлиб турган фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилишида ҳамкорликни янада кучайтирилишига қаратилган.
Мазкур ҳужжат икки давлат омбудсманлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ўзаро алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






