Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
“Омбудсман мактаби” доирасида маҳкумлар учун очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда
Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланаётган ёпиқ муассасаларда ҳуқуқий билим ва кўникмаларни оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” платформаси доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.

Тадбирлар Қашқадарё вилояти 10 ва 2-сонли Жазони ижро этиш колониялари, Навоий вилояти 12 ва 4-сонли Жазони ижро этиш колониялари, Бухоро вилояти 1-сонли Жазони ижро этиш колонияси, Сурхондарё вилояти 9-сонли тергов ҳибсхонаси, Самарқанд вилояти 38-сонли Манзил колониясида маҳкумлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилди. Ушбу тадбирларда у ерларда сақланаётган 500 нафарга яқин иштирокчилар қамраб олинди.

Очиқ мулоқотларда ҳудудий пробация бошқармалари ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий бошқармалари масъул ходимлари иштирок этиб, жазо муддатини ўтаётган шахслар, жумладан, озодликка чиқиш арафасида турган маҳкумларга зарур ҳуқуқий ва ижтимоий маълумотлар тақдим этилди.

Хусусан, Омбудсманнинг ёпиқ муассасаларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги фаолияти, маҳкум ва маҳбусларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи ҳамда мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ҳақида тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, иштирокчиларга жазони ижро этиш соҳасидаги қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ ва кафолатлар, пробация хизмати фаолияти, шунингдек озодликка чиққанидан кейин фойдаланиш мумкин бўлган ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида маълумотлар етказилди. Жумладан, иш билан таъминлаш, касб-ҳунар ўрганиш, тиббий кўрикдан ўтиш, моддий ёрдам олиш ҳамда жамиятга қайта мослашиш имкониятлари бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Тадбирлар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб ва ҳуқуқий маслаҳатлар олдилар. Айрим муассасаларда сайёр қабуллар ҳам ташкил этилиб, маҳкум ва маҳбусларнинг мурожаатлари қабул қилинди ҳамда уларда кўтарилган масалаларни ҳал этиш юзасидан тегишли чоралар белгиланди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати