Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Хоразм вилоятидаги қатор ёпиқ муассасаларга мониторинг ташрифлари амалга оширилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили томонидан вилоятдаги 11-сон Тергов ҳибсхонаси, Хоразм вилояти ИИБнинг Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари ҳамда Маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхона, Ҳазорасп тумани ИИБ Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, Хива “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйи, Гурлан ва Қўшкўпир туманларидаги мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш туманлараро пунктлари (ҳушёрхона), Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг психиатрия ва РИРСИАТМ наркология хизмати бўйича Хоразм вилояти филиалларига мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Мониторинг ташрифларида ушбу муассасаларда сақланаётган шахсларнинг ётоқ жойлари, ювиниш хоналари, ошхоналар, тиббиёт бўлимлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни сақлаш шароитлари, кутубхона, маданий дам олиш, телефон орқали мулоқот қилиш, учрашув хоналари, тинтув хоналари, сайилгоҳ, тергов ва адвокатлар хоналаридаги шарт-шароитлар, шунингдек, видеокузатув камераларининг ҳолати ўрганилди.

Мониторинглар давомида айрим муассасаларда илгари аниқланган камчиликлар бартараф этилгани маълум бўлди. Жумладан, Урганч шаҳридаги 11-сон тергов ҳибсхонасида шахслар учун мўлжалланган хоналар таъмирланиб, зарур жиҳозлар билан таъминланганлиги аниқланди.

Шунингдек, айрим муассасаларда моддий-техник жиҳозлаш ва хавфсизлик чораларини янада такомиллаштириш зарурати борлиги қайд этилди. Хусусан, Гурлан туманидаги ҳушёрхона зарур компьютер техникаси ва кондиционер билан таъминланмагани, шунингдек, пунктга кириш қисми олдида кузатув камераси ўрнатилмагани қайд этилди.

Мониторинг жараёнида “Омбудсман қутиси” орқали келиб тушган мурожаатлар кўриб чиқилди, муассасаларда сайёр қабуллар ўтказилиб, мурожаатлар қабул қилинди.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати