Йиғилишда вилоят ҳудудий комиссияси ва унинг таркибидаги кичик комиссияларнинг 2025 йилги фаолияти якунлари, соҳада мавжуд долзарб масалалар ҳамда 2026 йилда амалга оширилиши зарур бўлган устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, 2025 йил давомида Навоий вилоятида ноқонуний меҳнат миграцияси, одам савдоси ва мажбурий меҳнатнинг олдини олишга қаратилган қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, аҳоли, айниқса ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида 392 тадан ортиқ тарғибот тадбири, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилган.
Шунингдек, ишлаб чиқариш, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритаётган субъектларда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳамда меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя этилиши юзасидан мониторинг тадбирлари ўтказилган. Одам савдосидан жабрланган ёки хорижда оғир вазиятга тушиб қолган 14 нафар фуқаро вилоятга қайтарилиб, уларга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатилган, бандлигини таъминлаш чоралари кўрилган.
Йиғилишда одам савдосига қарши курашиш, муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, узоқ муддат чет элда бўлган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва соғломлаштириш, мактаблар ва ёшлар ўртасида профилактик ишларни кучайтириш, шунингдек, жабрланган шахсларга комплекс ёрдам кўрсатиш масалалари юзасидан масъулларнинг ахборотлари тингланди.
Муҳокамалар давомида амалга оширилган ишлар билан бирга, мавжуд камчиликлар ҳам танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди. Масъул ташкилотларга одам савдоси ва мажбурий меҳнат хавфларини барвақт аниқлаш, аҳоли орасида ҳуқуқий хабардорликни ошириш, меҳнат миграциясига оид тушунтириш ишларини кучайтириш, жабрланган шахслар билан манзилли ишлаш ҳамда идоралараро ҳамкорликни янада самарали ташкил этиш бўйича вазифалар белгиланди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






