Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман: Навоийда “Тенглик ва ҳурмат” платформаси доирасида 2 та ҳолат юзасидан терговга қадар текширув бошланди
2026 йил 25 март куни Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Навоий вилояти ҳудудий маркази бошпанасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ташаббуси билан йўлга қўйилган “Тенглик ва ҳурмат” платформаси доирасида “Ҳуқуқий ёрдам автобуси” тадбири ўтказилди.

Тадбир Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили томонидан мутасадди идоралар ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унга Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси, Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, вилоят Адлия бошқармаси ҳамда “Истиқболли авлод” нодавлат нотижорат ташкилоти вакиллари жалб этилди.

Учрашув давомида аёлларнинг мурожаатлари Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили ҳамда тегишли идоралар вакиллари томонидан тингланиб, ҳар бир ҳолат юзасидан манзилли чоралар белгиланди. Хусусан, 1 нафар аёл тиббий кўрикдан ўтказилиб, кўзларига гавҳар қўйилди ва унинг кўриш қобилияти тикланди. Яна бир аёлнинг икки нафар фарзанди болалар кўп тармоқли шифохонасига жойлаштирилиб, зарур даволаш ишлари олиб борилди. Бошқа бир аёлнинг саломатлигидаги муаммолар аниқланиб, тўлиқ тиббий кўрик ҳамда даволаниши таъминланди.

Шунингдек, тазйиқ ва зўравонлик оқибатида ҳуқуқлари бузилган 2 нафар аёлнинг мурожаатлари бўйича дастлабки тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Омбудсман ташаббуси билан кўтарилган яна бир муҳим масала — марказ бошпанасида яшовчи болаларнинг таълим-тарбияси бўлди. Шу асосда 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 8 нафар болани мактабгача таълимга жалб этиш масаласи тегишли тартибда кўриб чиқилиб, уларнинг вақтинча таълим ва тарбия олиши учун нодавлат мактабгача таълим ташкилотига бириктирилди.

Тадбир доирасида марказда реабилитация дастурини ўтаётган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш механизмларини кучайтириш, шунингдек аёлларни жамиятга мослаштириш бўйича қўшимча чораларни йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, ҳар ҳафта маънавий-маърифий суҳбатлар ташкил этиш, реабилитация дастурини якунлаган аёлларни яшаш жойида қўллаб-қувватлаш ишларини давом эттириш бўйича ёндашувлар белгилаб олинди.

Мазкур тадбир Омбудсман ташаббуси билан зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг мурожаатларини шунчаки эшитиш эмас, балки уларнинг ҳаёти, соғлиғи, ҳуқуқий ҳимояси ва фарзандлари келажаги билан боғлиқ масалаларга аниқ ечим топишга қаратилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати