Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Раддия: Омбудсман маълумотлари талқини юзасидан
Ижтимоий тармоқларда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2025 йилги фаолияти тўғрисидаги маърузасида келтирилган маълумотни Олий суд ахборот ресурсларидаги рақамлар билан қиёслаш натижасида нотўғри талқинлар юзага келмоқда.

Аввало, айтиш жоизки, Олий суд ва Омбудсман маълумотларини ўзаро тўғридан-тўғри солиштириб бўлмайди. Чунки, Олий суддаги рақамлар суд амалиёти бўйича умумий кўрсаткичлардир. Омбудсман келтирган маълумот эса фуқаролар ёки адвокатлардан келиб тушган шикоятлар асосида ўрганилган ҳолатларга оид. Мазкур ўрганишлар бўйича киритилган таъсир чоралари натижасида ваколатли органлар томонидан 4 нафар ходимга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Шу боис, турли мазмундаги маълумотларни билиб-билмай аралаштириб, “ким ёлғончи?” деган мазмунда сохта қарама-қаршилик яратиш асоссиз ёндашувдир.

 “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонуннинг 47-моддасига кўра, Омбудсман, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлар маъмуриятининг ғайриқонуний ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) чек қўйиш учун зудлик билан чоралар кўради, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш шарт-шароитлари тўғрисида хулоса тузади ва уни тегишли ташкилотларга ёки мансабдор шахсларга юборади, тегишли ташкилотларга уларнинг қийноққа солиш ҳолларининг олдини олишга доир фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ва таклифлар киритади, қийноққа солиш ҳолларини бартараф этиш бўйича тегишли ташкилотларга талабнома киритади.

Шунингдек, Омбудсманга Ишонч телефони (1096) ва расмий сайт орқали, душанбадан жумага қадар ўтказиладиган фуқаролар қабули, шунингдек ҳудудлардаги минтақавий вакиллар орқали ҳам мурожаат юбориш имконияти мавжудлиги эслатиб ўтилади.

Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакилларидан ахборотни талқин қилишда расмий манбаларга таяниш сўралади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати