Тадбирда Омбудсманнинг Қашқадарё вилоятидаги минтақавий вакили, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси, Қашқадарё вилояти адлия бошқармаси бўлим бошлиғи, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ходими ҳамда психолог иштирок этди.
Айни вақтда мазкур марказда 11 нафар аёл ва уларнинг 15 нафар фарзанди яшамоқда. Учрашув давомида улар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, ҳаётида дуч келган синовлар, бугунги эҳтиёжлари ва келгуси режалари ҳақида суҳбатлашилди. Қайд этилганидек, марказдаги айрим аёллар аллақачон доимий иш билан таъминланган.
Мулоқотда иштирок этган аёллардан бири марказда бўлган давр унинг ҳаётида ижобий бурилиш ясаганини таъкидлади. Унинг айтишича, ҳозирда хусусий корхонада қонуний асосда доимий иш билан таъминланган, фарзандлари эса боғча ва мактабга боришмоқда.
Шунингдек, суҳбат давомида аёлларга зўравонлик қурбонларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳуқуқий механизмлар, мавжуд имтиёзлар ҳамда психологик кўмак масалалари бўйича тушунтиришлар берилди. Уларнинг мурожаатлари тингланди.
Тадбир якунида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳомийлигида тайёрланган эсдалик совғалари иштирокчиларга топширилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






