Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги “Бешрабод”, “Кўхрон”, “Келачи” ва “Ўзбекистон” МФЙлари аҳолиси учун навбатдаги очиқ мулоқот ўтказилди.
Тадбирга ушбу ҳудуддан юборилаётган мурожаатлар таҳлили асосида тегишли давлат идоралари вакиллари жалб қилинди. Жумладан, вилоят ички ишлар, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, соғлиқни сақлаш, Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмасининг вилоят бошқармалари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бош бошқармаси ҳамда “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот маркази Навоий вилояти бўлими мутахассислари иштирок этишди. Очиқ мулоқотга жами 150 нафарга яқин фуқаро қамраб олинди.
Учрашув давомида аҳолига ижтимоий ҳимоя, тиббий хизмат, бандлик, шахсий хавфсизлик ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ долзарб масалалар юзасидан зарур маълумотлар содда, тушунарли ва халқчил тарзда етказилди. Шунингдек, иштирокчилар ҳам мавжуд масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
“Омбудсман мактаби” доирасида ташкил этилган тиббий кўрик давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож 30 га яқин оиланинг 86 нафар аъзоси чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Меҳнат ярмаркасида эса 4 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланиб, 5 нафарига касб-ҳунарга ўқитиш учун йўлланма, 30 нафарга яқин фуқарога эса ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
“Омбудсман мактаби” платформасининг асосий жиҳати — давлат идоралари билан яқин ҳамкорликда фуқаролар мурожаатларига ечим топиш ва аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга хизмат қилишидир.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






