Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Навоий вилоятидаги қатор ёпиқ муассасаларга мониторинг ташрифлари амалга оширилди
2026 йилнинг 30 март — 1 апрель кунлари Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Девони ходимлари ҳамда Омбудсман ҳузуридаги Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм доирасида фаолият юритувчи Жамоатчилик гуруҳи аъзолари томонидан Навоий вилоятидаги қатор ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасаларга мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Жараёнларда оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этди.

Мониторинг доирасида Навоий шаҳрида жойлашган 4 ва 11-сон жазони ижро этиш колонияларида маҳкумлар учун яратилган шарт-шароитлар ўрганилди. Хусусан, ошхона, ётоқхона, маиший хоналар, тиббиёт бўлими, учрашувхоналар ҳамда ишлаб чиқариш цехлари кўздан кечирилди.

Шунингдек, маҳкумларнинг белгиланган ҳуқуқларидан фойдаланиш ҳолати, уларни касбга ўргатиш мақсадида ташкил этилган тўгараклар фаолияти билан ҳам танишилди. Жумладан, тикувчилик, электриклик, асаларичилик, чорва ва паррандачилик, деҳқончилик, дурадгорлик, юмшоқ мебель тайёрлаш ҳамда хорижий тилларни ўрганиш йўналишларидаги машғулотлар ўрганилди.

Ташрифлар давомида маҳкумлар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилди, холи тарзда қабул қилинди. Шу билан бирга, муассасаларда ўрнатилган “Омбудсман қутиси”лари кўздан кечирилиб, келиб тушган мурожаатлар назоратга олинди.

Мониторингнинг кейинги манзили Навоий шаҳар вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бўлди. У ерда сақланаётган шахслар учун яратилган шарт-шароитлар, жумладан яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятлари, шунингдек тергов ва адвокатлар билан учрашув хоналари ҳолати ўрганилди.

31 март ҳамда 1 апрель кунларида 36-сон манзил-колонияси ва маҳкумлар меҳнат қилаётган объектларга, шунингдек Зарафшон шаҳар ички ишлар бўлимининг вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхона, мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пункти, 12-сон жазони ижро этиш колонияси, Нуротадаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйи ҳамда Қизилтепа туманида жойлашган 5-сон жазони ижро этиш колониясидаги шарт-шароитлар ҳам ўрганилди.

Қайд этиш лозимки, 4-, 5-, 11- ва 12-жазони ижро этиш колонияларида хорижий тиллар тўгараги ташкил этилган. Ўқув хоналари 10 та замонавий интерактив доскалар билан таъминланган бўлиб, методик қўлланма, дарслик ва зарур адабиётлар мавжуд. Машғулотлар видеотақдимотлар, мультимедиа дарсликлари, электрон ресурслар ва интерактив ўйинлардан фойдаланган ҳолда ўтилади.

Мониторинг натижалари юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилиши маълум қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Омбудсман томонидан қийноқларни олдини олиш бўйича амалга оширилган мониторинг ташрифлари натижалари юзасидан тайёрланадиган таҳлилий маълумотлар ва тавсиялар тегишли давлат органларига тақдим этиб келинмоқда.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати