Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Аёллар колониясидаги маҳкумалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди
2026 йилнинг 3 март куни ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳамкорлигида 21-сонли жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкумалар учун тиббий кўрик ташкил этилди.

Тадбир “Инсон қадри – олий неъмат” ҳамда “Соғлом аёл – соғлом миллат таянчи” тамойиллари асосида ўтказилмоқда ва унда инсон саломатлиги ҳамда ҳуқуқларини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Тиббий кўрикка Соғлиқни сақлаш вазирлигининг акушер-гинеколог, онкогинеколог, маммолог, кардиолог, эндокринолог, педиатр, психиатр каби 10 нафарга яқин тор доирадаги шифокорлар гуруҳи жалб этилди.

Шунингдек, тиббий кўрик давомида рентген, УТТ ва қон таҳлилларини ўтказиш учун тиббий жиҳозлар билан таъминланган махсус автобуслар олиб келинди.

Уларнинг иштирокида маҳкума аёллар ва уларнинг уч ёшгача бўлган фарзандлари ҳам тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди

Бундай тадбирлар маҳкума аёлларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларни эрта аниқлаш ва ўз вақтида даволаш чораларини кўриш имконини беради.

Шуни қайд этиш лозимки, мамлакатимизда жазони ижро этиш тизимини инсонпарварлик тамойиллари асосида ислоҳ қилиш, маҳкумларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида изчил қонунчилик чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, 2023 йилда Жиноят ва Жиноят-ижроия кодексларига киритилган ўзгартишлар билан жазони енгилроғи билан алмаштириш, муддатидан илгари шартли озод этиш ҳамда манзил-колонияларга ўтказиш механизмлари қайта кўриб чиқилди. Маҳкумларни фото ва видеотасвирга тушириш фақат уларнинг ёзма розилиги асосида амалга оширилиши белгиланиб, шахсий дахлсизлик кафолатлари мустаҳкамланди.

 2024 йилда қабул қилинган қонун билан маҳкумларнинг инсоний муомалада бўлиниши, шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳамда Омбудсманга мурожаат қилиш ҳуқуқи қонун даражасида янада мустаҳкамланди. Шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар учун жазо ўтаётган шахсларнинг сайлов ва референдумларда иштирок этиш ҳуқуқи белгиланди.

2025 йилдан эътиборан эса маҳкумларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан рағбатлантиришга қаратилган янги механизм жорий этилди. Унга кўра, тасдиқланган адабиётлар рўйхатидаги китобларни ўқиган маҳкумларнинг жазо муддати суд қарори билан қисқартирилиши мумкин. Бу норма маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтишини рағбатлантиришга қаратилган.

Бундан ташқари, жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларга масофали видео-учрашувлардан фойдаланиш ҳуқуқи берилди. Бу эса уларнинг оилавий алоқаларини сақлаб қолиш ва ижтимоийлашув жараёнини қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.

Ташриф доирасида мазкур колонияда сақланаётган маҳкумалар учун яратилган яшаш, овқатланиш шароитлари, болалар уйи, психолог билан ишлаш хонаси, кутубхона ҳам кўздан кечирилди. Маҳкумалар билан ҳоли тарзда ва жамоавий суҳбатлар ўтказилиб, улар мурожаатлари назоратга олинди.

Тиббий кўрик 4-март куни ҳам давом этади.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати