Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Сенат қўмиталари мажлисида Омбудсман фаолияти ва бола ҳуқуқларини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 25 февраль куни Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси, Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси ҳамда Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2025 йилдаги фаолияти ҳамда Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани)нинг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари томонидан риоя этилиши ҳақидаги маърузалари муҳокама қилинди.

Сенаторлар томонидан ижтимоий-иқтисодий масалалар соҳаларида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, шунингдек, қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш мақсадида Омбудсманнинг давлат органлари ва ташкилотларига, уларнинг мансабдор шахсларига юборилган ариза ва даъво аризалари, тақдимномалари ҳамда тавсиявий хусусиятга эга хулосаларининг ижро этилиши масалалари кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, 2025 йилда Омбудсман номига 26 372 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 7 558 таси иқтисодий, 6 729 таси ижтимоий, 4 255 таси шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, 2 841 таси сиёсий, 1 257 таси бола ҳуқуқлари, 284 таси экологик ҳамда 725 таси бошқа йўналишларга тўғри келади.

Мажлисда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилининг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан риоя этилиши ҳолати ҳақидаги маърузаси ҳам кўриб чиқилди.

Олий Мажлис Бола ҳуқуқлари бўйича вакили фаолияти доирасида болалар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш ишлари давом этгани, ҳисобот йилида соҳада қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани қайд этилди. Унинг номига келиб тушган мурожаатлар сони ҳам сезиларли ошган.

Йўлланган мурожаатларнинг 509 таси (26,3 фоизи) ижобий ҳал этилган, 708 таси (36,6 фоизи) бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган, 573 таси (29,6 фоизи) тегишлилиги бўйича юборилган.

Сенаторлар Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг таъсир чораларини қўллаш самарадорлигини ошириш, мурожаатлар билан ишлаш сифатини яхшилаш, назорат ва ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича ўз тавсияларини билдирди.

Муҳокама якунида қўмиталарнинг мазкур маърузаларни Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритиш ҳақидаги қўшма қарори қабул қилинди.