Давра суҳбатида Омбудсман Девони ходимлари, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, илмий жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий хабардорлик даражаси фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини самарали амалга оширишида ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Мазкур йўналишда Омбудсман институти давлат органлари билан ҳамкорликда манзилли тушунтириш ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Сўнгги йилларда Омбудсман фаолияти изчил такомиллаштирилиб, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш механизми рақамлаштирилди, ҳудудлардаги минтақавий вакиллар институти мустаҳкамланди. Бу мурожаатларни жойида тезкор ўрганиш ва масалаларни ҳал этиш имконини кенгайтирди.
2025 йилда Омбудсманга 26 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушгани қайд этилди. Бу кўрсаткич 2021 йилдаги 18 738 та мурожаатга нисбатан қарийб 40 фоизга ошган. Мурожаатлар динамикаси фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида фаоллиги ортиб бораётганини кўрсатади.
Шу билан бирга, мурожаатлар таҳлили аҳоли ўртасида қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ ва имкониятлар ҳақидаги хабардорлик даражасини янада ошириш заруратини намоён этмоқда. Айрим ҳолларда фуқаролар давлат томонидан яратилган ҳуқуқий механизмлардан тўлиқ фойдалана олмаётгани кузатилмоқда.
Давра суҳбатида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жойларда манзилли тушунтириш ишларини кучайтириш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир якунида ҳуқуқий хабардорликни оширишга қаратилган ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






