Таъкидланганидек, Омбудсман 2025 йилда ўз фаолиятини қонунийлик, мустақиллик, адолатлилик, инсонпарварлик, камситишга йўл қўймаслик, холислик ва очиқлик тамойиллари асосида амалга ошириб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонун ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий институтлар учун белгиланган Париж тамойилларига таянган ҳолда иш олиб борди.
Қонунга мувофиқ, Омбудсман давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга оширади.
2025 йилда Омбудсман номига Ўзбекистон фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан келиб тушган 26372 та мурожаат келиб тушган.
Мурожаатлар таҳлил қилинганда, ҳар 100 минг киши ҳисобида келиб тушган мурожаатларнинг энг кўпи Тошкент шаҳри, Қашқадарё ва Жиззах вилоятларига тўғри келди.
Мурожаатлар билан ишлашда Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари муҳим ўрин тутаётгани алоҳида қайд этилди. Хусусан, улар томонидан мурожаатлар тезкорлик билан жойига чиқиб ўрганилиб, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифлари амалга оширилди, аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш, шунингдек ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган салбий ҳолатлар бўйича зудлик билан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Омбудсман томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан давлат органлари ва идораларига 194 та таъсир чоралари киритилди. 2025 йилда тақдимнома, хулоса ва даъво аризаларидан ташқари, огоҳлантириш ва талабнома каби янги таъсир шаклидаги ҳужжатлардан ҳам фойдаланилди.
Мурожаатларни кўриб чиқиш якунига кўра, Омбудсман томонидан фуқаролар манфаатида 11,8 млрд.сўмдан ортиқ маблағ ундирилишига кўмаклашилди. Шундан, 2,7 млрд.сўми иш ҳақи ва меҳнат муносабатларига оид тўловлар, 3,9 млрд.сўмдан ортиғи фуқароларга бузилган уй-жойи учун тўлаб берилган компенсацияларни ташкил этган.
Мурожаатларда кўтарилган инсон ҳуқуқларининг бузилганлиги ҳолатлари бўйича 118 нафар давлат ташкилотлари масъуллари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари интизомий, маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилган.
Омбудсман томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 954 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилган. Уларга фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВлари кенг жалб қилинди.
Омбудсман ва Жамоатчилик гуруҳлари тавсиялари асосида ёпиқ муассасалардаги шароитларни яхшилаш бўйича 8,5 млрд. сўмдан ортиқ маблағлар ажратилган.
2025 йил давомида 90 та қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди, 342 та таклифлар ишлаб чиқилди, 37 та лойиҳа бўйича 100 дан ортиқ таклифлар инобатга олинган.
Шунингдек, Омбудсман тавсиясига асосан инсон ҳуқуқларини таъминланиши борасидаги 11 та норматив ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб фаолиятга йўналтирилган.
2025 йилда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Осиё-Тинч океани форумига аъзо бўлди. Дания Омбудсмани ҳамда Германиянинг Фридрих Эберт жамғармаси билан икки томонлама ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Омбудсман ва Россиянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўртасида чет элда вақтинча яшаётган фуқаролар ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган 2025–2026 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” имзоланди. Ушбу ҳужжат доирасида Москва шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси элчихонасида Россия Федерациясида вақтинча яшаётган фуқаролар билан маротаба учрашувлар ташкил қилиниб муаммолари ўрганилди. Ушбу мурожаатларни ўрганиш натижаларига кўра Россиядаги 31 нафар ўзбекистонлик талабага нисбатан қўлланилган маъмурий жазо бекор қилинди ҳамда мамлакат ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юборилишининг олди олинди.
Шунингдек, чет давлатларида яшаётган фуқароларимиз билан учрашувлар АҚШ, Германия, Польша, Австрия, Озарбайджон,Туркия, Италия, Малайзия давлатларида ҳам ўтказилган.
Шунингдек, йиғилишда аҳолинининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” ҳамда “Омбудсман соати” лойиҳалари, “Тенглик ва ҳурмат” платформаси доирасида аҳоли билан ўтказилаётган очиқ мулоқотлар ва сайёр қабуллар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Депутатлар Омбудсманнинг ўтган йилдаги фаолияти якунлари бўйича тақдим этган маърузасини ижобий баҳолашди.
Мажлисда кўриб чиқилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






