Йиғилишида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2025 йилдаги фаолияти юзасидан маърузаси кўриб чиқилди.
Маълумки, Қонунчиликка мувофиқ Омбудсманнинг йиллик маърузаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида ҳар йили эшитилади.
Омбудсман ушбу маърузани Олий Мажлисга киритишдан олдин дастлабки тарзда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида Омбудсман ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссиясида муҳокама қилиш амалиётини йўлга қўйган.
Тадбирда қайд этилишича, 2025 йилда Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 26372 та мурожаат келиб тушди. Ушбу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 12,6 фоизга кўпайган. Аҳамиятлиси замонавий АКТ воситалари, яъни виртуал қабулхона, ишонч телефони ҳамда мобил илова орқали келиб тушган мурожаатлар сони 125,0 фоизга ошган.
Мурожаатларни кўриб чиқиш якунларига кўра, Омбудсман кўмагида фуқаролар манфаатида 10,6 млрд.сўмдан ортиқ маблағ ундирилишига эришилди. Шундан, 2,3 млрд.сўм иш ҳақи ва меҳнат муносабатларига оид тўловлар, 3,9 млрд.сўмдан ортиқ маблағлар фуқароларга бузилган уй-жойи учун тўлаб берилган компенсацияни ташкил этди.
Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари томонидан қийноққа солиш ҳолларини олдини олиш бўйича 954 та мониторинг ташрифи амалга оширилди. Мониторинг ташрифлари давомида маҳкум ва маҳбуслар билан 5487 та ҳоли тарздаги суҳбатлар ва 11, 0 мингдан ортиқ шахслар билан жамоавий учрашувлар ўтказилди.
Йиғилишда иштирокчилар Омбудсманнинг мурожаатлар билан ишлаш, қийноққа солиш ҳолларининг олдини олиш, мониторинг ва ҳуқуқий таҳлил, халқаро ҳамкорлик, ҳуқуқий тарғибот ва ОАВ билан ишлаш йўналишидаги фаолият билан таништирилди.
Омбудсман ўз фаолиятида доимо жамоатчилик – фуқаролик жамияти институтлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Йиғилишда жамиятда мавжуд бўлган масалалар ва уларга ечим топиш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Омбудсман тадбирда фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан билдирилган фикр ва таклифлар Олий Мажлисга киритиладиган йиллик маърузани шакллантиришда инобатга олинишини таъкидлади. Бу амалиёт жамоатчилик билан очиқ ва манфаатли мулоқотни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги долзарб масалаларни таҳлил қилишга хизмат қилади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






