Ушбу мурожаат Омбудсман назоратига олиниб, унинг Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили томонидан жойига чиқиб ўрганилди. Аниқланишича, хусусий корхона 1997 ва 1999 йилларда ишлаб чиқаришда жароҳат олган икки нафар фуқарога белгиланган компенсация тўловларини 2024 йил август ойидан эътиборан тўламай келган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 322-моддасига мувофиқ, ходимнинг соғлиғига зиён етказилганлиги муносабати билан иш берувчи томонидан амалга ошириладиган тўловларда ходимга йўқотилган иш ҳақи учун етказилган зиённинг ўрнини қоплаш тарзида амалга ошириладиган ҳар ойлик тўловлар амалга оширилиши кўрсатилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Омбудсман томонидан Фуқаролик ишлари бўйича Янгийўл туманлараро судига фуқаролар манфаатида даъво аризалари киритилди.
Судлар томонидан Омбудсман даъво аризалари қаноатлантирилиб, 2 нафар мурожаатчига 35 млн сўмга яқин тўловлар ундирилиши белгиланди.
Фуқаролар билан қайта боғланилганда, суд қарори тўлиқ ижро этилгани ҳамда белгиланган пул маблағлари тўлиқ ундирилгани тасдиқланди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






