Навбатдаги очиқ мулоқотлар Сирдарё, Қашқадарё, Фарғона, Наманган ва Хоразм вилоятларида ўтказилди. Дастлаб, мурожаатлар таҳлил қилиниб, ҳар бир ҳудуд учун долзарб масалалар аниқланди ва тегишли масъул идора вакиллари жалб этилди.
“Омбудсман мактаби” тадбирларида жами 1000 нафарга яқин фуқаролар қамраб олинди. Хусусан, Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги “Поштон” маҳалласи, Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги “Бирлашган” ва “Пахтакор” маҳаллалари, Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги “Оққўрғон”, “Юқори Манғит”, “Тепалик”, “Жов”, “Найман”, “Бувайда”, “Озод”, “Элобод”, “Тоғлиқ” ва “Бештерак” ва бошқа маҳаллаларда яшовчи фуқаролар иштирок этишди.
Уларда кибержиноятчилик ва молиявий фирибгарликнинг олдини олиш, меҳнат муносабатлари ва меҳнат миграцияси жараёнларини ҳуқуқий тартибга солиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масалалари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, Наманган давлат техника университети, Қарши давлат техника университети, Қарши давлат университети, Урганч давлат педагогика институти, Гулистон давлат университетларида ҳам “Омбудсман мактаби” тадбирлари ўтказилди. Ушбу тадбирларда талабаларга ёшларга оид давлат сиёсати ва улар учун яратилган имкониятлар ҳақида тушунтириш берилди.
“Омбудсман мактаби” тадбирларидан сўнг, минтақавий вакилларнинг сайёр қабуллари ҳам ўтказилиб, фуқаролар мурожаатлари қабул қилинди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати.






