2 кунлик ўрганиш давомида 11-сонли тергов хибсхона, Маъмурий қамоққа олинганларни сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхона, Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм вилояти минтақавий филиали, Вилоят рухий касаб касалликлар диспансери, Вилоят ИИБ Реабилитация қилиш маркази, Вилоят ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонаси (ВСҲ)да ва Хонқа туманидаги мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пункти ва Хива мурувват ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйларидаги шароитлар ўрганилди.
Мониторинг ташрифлари чоғида тергов ҳибсхонаси ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларнинг яшаш, овқатланиш ва тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятлари таҳлил қилинди. Шунингдек, камералар ҳолати, кузатув тизимлари, кўрикдан ўтказиш тартиблари ҳамда тиббий хоналар ҳолати ўрганилди.
Қайд этиш лозимки, аввалги мониторинг ташрифларида билдирилган Омбудсман тавсияларига кўра, маъмурий қамоққа олинганларни сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхона ҳамда Хонқа туманидаги мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пункти таъмирлангани маълум қилинган эди. Мониторинг ташрифларида жамоатчилик гуруҳлари томонидан ушбу объектлардаги амалий ишлар кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм вилояти минтақавий филиалида ва Хонқа туманидаги мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктида аниқланган камчиликлар жойида бартараф этилди.
Мониторинг жараёнида “Омбудсман қути”лари орқали келиб тушган мурожаатлар кўриб чиқилди, муассасаларда сайёр қабуллар ўтказилиб, фуқаролар мурожаатлари эшитилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати