Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Пенитенциар муассасаларга амалга ошириладиган мониторинг ташрифлар бўйича халқаро тажриба ўрганилди
2025 йилнинг 29-30 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги Лойиҳалари координатори, Буюк Британиянинг Халқаро тараққиёт ташкилоти (UK International Development), Халқаро тараққиёт ва адолат маркази ҳамкорлигида озодликдан маҳрум этиш жойларида мониторинг ўтказиш масалаларига бағишланган икки кунлик семинар-тренинг ўтказилди.

 

Тадбирда инсон ҳуқуқлари соҳасида фаолият юритувчи Омбудсман Девони ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этишди.

Тренингнинг асосий мақсади – қийноқларнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларни аниқлашда мониторинг ташрифларининг ўрни ва вазифаларини тушуниш, шунингдек ташрифларни режалаштириш ва ўтказишда халқаро амалиёт талабларини ўрганишдан иборат бўлди.

Семинарга эксперт сифатида БМТ Қийноқларнинг олдини олиш бўйича кичик қўмитаси (SPT) раиси ўринбосари, Халқаро тараққиёт ва адолат маркази (CDJI) бошқаруви раиси Элина Стейнерте, Халқаро тараққиёт ва адолат маркази (CDJI) президенти, жиноий адолат тизими ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро эксперт Азамат Шамбилов ҳамда CDJI бошқаруви раиси ўринбосари, Ольстер университети профессори, маҳкумлар ишлари бўйича Шимолий Ирландиянинг собиқ омбудсмани Паулин МакКейблар жалб этилди.

Семинарда иштирок этган Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Е.П. Тимоти Смарт ўз нутқида мамлакатимизда қийноқларнинг олдини олиш ва ушбу соҳада халқаро стандартларни жорий этиш йўналишида амалга оширилган ишлар юқори баҳога сазовор эканини таъкидлади. Шу билан бирга, у Ўзбекистоннинг қийноқларга қарши миллий қонунчиликни такомиллаштириш, мониторинг ташрифлари амалиётини кенгайтириш ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда эришган натижаларини алоҳида қайд этди.

Элчи шунингдек, Тошкентдаги жазони ижро этиш муассасаларига ташрифи чоғида маҳкум ва маҳбусларга яратилган шароитлар ва мониторинг механизмларидан катта таассурот олганини таъкидлади. Унинг фикрича, бугунги ислоҳотлар нафақат Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларига садоқатини намоён этмоқда, балки ушбу йўналишдаги келгуси тараққиёт учун муҳим пойдевор вазифасини ҳам бажаради. Элчи қайд этганидек, мониторингнинг асосий мақсади айбдорни аниқлаш эмас, балки ишончни мустаҳкамлаш, очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлашдан иборат. Шу боис, бундай амалиётлар жамият ва институтлар ўртасида ишончни кучайтириш ҳамда адолат тамойилларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Элина Стейнерте эса ҳар қандай давлатда ҳам қийноқлар ёки бошқа шафқатсиз муомала ҳолатлари юзага келиш хавфи мавжудлигига урғу бериб, бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида пенитенциар муассасаларда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ишлаб чиқилган методикалар мавжудлигини билдирди.

Интерактив машғулотларга бой тарзда ўтган 2 кунлик семинар давомида иштирокчилар мониторинг ташрифларини режалаштириш ва амалга ошириш, далилларни йиғиш ва таҳлил қилиш, муассаса маъмурияти ҳамда ушлаб турилган шахслар билан суҳбатлар ўтказишнинг самарали усуллари билан танишдилар. Улар халқаро стандартларга асосланган ҳолда ҳисобот тайёрлаш, амалий тавсиялар ишлаб чиқиш ва уларнинг ижросини таъминлаш бўйича ҳам кўникмаларга эга бўлдилар.

Семинар давомида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасаларга амалга ошириладиган мониторинг ташрифларида қўлланилиши учун методология ишлаб чиқилди.

Тадбир якунида иштирокчиларга тренингдаги фаол иштироки учун сертификатлар топширилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати