Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Тажриба ва мулоқот: Омбудсман Девони ходимлари учун халқаро семинар ташкил этилди
2025 йил 17–18 сентябрь кунлари Тошкентда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Девони ходимлари учун Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги ва Хельсинки университети ҳузуридаги Қонун устуворлиги маркази ҳамкорлигида семинар-тренинг ташкил этилди.

Семинар одам савдосига қарши кураш, аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини ўрганиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш мавзуларига бағишланди. Унда хорижий эксперт — Финляндия Адлия канцлери ўринбосари Микко Пумалайнен ўзининг кўп йиллик тажрибаси асосида Финляндиядаги ҳуқуқий амалиёт ва самарали механизмлар ҳақида маълумот берди.

Семинар-тренинг эркин мулоқот ва савол-жавоблар асосида ўтди. Унда ҳар икки мамлакатда одам савдосига қарши курашиш, гендер асосидаги зўравонликнинг олдини олиш ва коррупцияга қарши курашиш чораларини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Омбудсман институти ходимлари малакасини мунтазам оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Тренингларга халқаро экспертларни жалб қилиш орқали уларнинг билим ва кўникмалари бойитилиб, инсон ҳуқуқлари соҳасида самарали ишлаш учун янги усул ва ёндашувлар ўзлаштирилмоқда.

Мазкур тадбир Финляндия билан ҳамкорликда ташкил этилган тўртинчи семинар бўлиб, унга қадар фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш механизмлари, Адлия канцлери ва Парламент Омбудсмани ваколатлари, жамоатчилик билан ишлаш тартиби, шунингдек, сунъий интеллектнинг хавфлари ва уни тартибга солиш масалалари муҳокама қилинган эди. 2024 йил декабрь ойида эса Омбудсман ходимлари Финляндия Парламент Омбудсмани офиси фаолияти билан танишган.

Омбудсман институтида бундай семинар ва тренингларни ташкил этиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда илғор тажрибаларни ўрганиш ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Маълумот учун: Финляндия қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жаҳонда энг илғор давлатлардан бири ҳисобланади. Transparency International рейтингига кўра, коррупцияга қарши курашда Финляндия доим энг юқори ўринларни эгаллаб келади. 2024 йилда Corruption Perceptions Index, CPI индексида 88 балл билан 180 давлат орасида 2-ўринни эгаллаган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати