2025 йил 11 сентябрь “Women in Justice Empowerment Breakfast” мотивацион учрашуви билан бошланди. Ушбу ноанъанавий форматдаги мотивацион нонуштада Қозоғистон Конституциявий суди ва Олий суди судьялари, парламент қўмиталари вакиллари, шунингдек, Босния ва Герцеговина, Буюк Британия, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан судья ва омбудсманлар иштирок этди. Тадбирда халқаро ташкилотлар — Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), Венеция комиссияси, Халқаро суд маъмурияти ассоциацияси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аёллар тузилмаси (UN Women)каби нуфузли тузилмаларнинг вакиллари ҳам қатнашишди.
Учрашувда аёлларнинг одил судлов соҳасидаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларнинг касбий ривожланишига кўмаклашиш ҳамда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари асосий йўналиш сифатида белгиланди.
Қайд этиш лозимки, “Аёл судьялар”га урғу қаратиш — бу халқаро амалиёт ва тадқиқотлар билан асосланган сиёсатдир. Халқаро таҳлилларга кўра, суд тизимида аёллар улуши ортиши жамоат ишончини кучайтиради, зўравонлик ва камситишдан жабр кўрган фуқаролар учун одил судловга етишиш имкониятларини кенгайтиради.
Шундан сўнг, мулоқот “Аёллар одил судлов соҳасида: ҳамкорлик орқали касбий ривожланиш” мавзусидаги халқаро конференция— Марказий Осиё диалог майдончаси орқали давом эттирилди. Унда одил судловни таъминлаш бўйича тенг имкониятлар яратиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишда гендер нуқтаи назарни инобатга олиш, менторлик дастурлари ва минтақавий ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.
Конференция якунида иштирокчилар минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш, суд тизимида аёлларнинг ўрни ва нуфузини ошириш ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш бўйича қўшма баёнот қабул қилдилар.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати