Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг Наманган вилоятидаги минтақавий вакили томонидан бир қатор ёпиқ муассасаларда мониторинг ташрифлари ўтказилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Наманган вилоятидаги минтақавий вакили томонидан қатор ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган муассасаларда мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Жумладан, Уйчи туманида жойлашган 6-сон тергов ҳибсхонаси, Наманган вилояти ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонаси (ВСҲ), Поп туманида жойлашган 6-сон жазони ижро этиш колонияси ҳамда ИИБ маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш махсус қабулхонасидаги шароитлар ўрганилди.

Ташрифлар чоғида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш, меҳнатга жалб этилиш, яқин қариндошлари билан учрашув, мурожаат қилиш каби ҳуқуқларининг таъминланиш ҳолати ўрганилди. Камералар ва хоналарда санитария ҳолати, видеокузатув тизими, адвокатлар билан учрашиш ва почта ҳамда йўқловларни олиш жараёнлари кўздан кечирилди.

Аниқланишича, Уйчи туманида жойлашган 6-сон тергов ҳибсхонасида янги бино ишга туширилиб, 200 нафардан ортиқ шахслар учун шароитлар яратилган. Шунингдек, вояга етмаганлар учун ўқув машғулотлари ташкил этилган.

Ҳибсхонадаги мониторинг давомида Омбудсман қутиси орқали келиб тушган 3 та мурожаат қабул қилинди. Сайёр қабул жараёнида 8 нафар шахснинг мурожаати эшитилди ва уларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Шу билан бирга маҳкумлардан бирига тиббий ёрдам кўрсатилди.

Наманган вилояти ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонасида 98 та видеокузатув камераси ва радио эшиттириш тизими соз ҳолда ишлаётгани қайд этилди. Шунингдек, ҳудудда маҳбусларнинг яқинлари учун кутиш зали, савдо дўкони ва ҳожатхона қурилиши режалаштирилгани маълум қилинди.

Поп туманида жойлашган 6-сон жазони ижро этиш колониясида байрам муносабати билан 203 нафар маҳкумга турли рағбатлантириш чоралари (ташаккурнома, телефондан фойдаланиш, учрашувлар, узатмалар) қўлланилган эди.

Шунингдек, “Ошпазлик” йўналиши бўйича ўқув курсини якунлаган 30 нафар маҳкум сертификат олди ва улар тайёрлаган таомлар бўйича мусобақа ўтказилди.

Мониторингда жамоавий тартибда 876 нафар, ҳоли тарзда эса 7 нафар маҳкум билан суҳбатлар ташкил этилди ва уларнинг мурожаатлари ўрганилди.

Наманган шаҳридаги махсус қабулхонада эса аввалги мониторингда қайд этилган техник ва инфратузилмавий камчиликлар тўлиқ бартараф этилгани ва қабулхона фаолияти белгиланган талабларга мос ҳолда йўлга қўйилгани маълум бўлди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати