Шундай тадбирларнинг навбатдагиси Андижон вилояти Марҳамат туманида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Г.Абдувоҳидова ҳамда Омбудсманнинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили ҳамкорлигида ўтказилди. Унда “Алитепа”, “Миришкор”, “Чилон” ва “Ўқчи” маҳаллаларида яшовчи 53 нафар фуқаро иштирок этди.
Мазкур тадбир Омбудсман номига мазкур туман фуқароларидан келиб тушган мурожаатлар таҳлили асосида ташкил этилди. Унда ижтимоий ҳимоя, пенсия ва нафақалар тайинлаш, бепул ҳуқуқий ёрдам олиш ва бошқа масалалар бўйича тегишли ташкилот ва идора вакиллари жалб этилди.
Тадбир доирасида сайёр қабул ҳам ташкил этилди. Унда фуқаролар тегишли идоралар вакиллари билан юзма-юз мулоқотда бўлиб, ўз муаммолари юзасидан жойида амалий ёрдам олдилар. Қатор мурожаатларни ўша куниёқ ҳал этиш чоралари кўрилди, бошқалари эса назоратга олинди.
Тадбирдан сўнг, Қўрғонтепа туманида жойлашган “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйи ҳамда Реабилитация марказига мониторинг ташрифлари амалга оширилиб, ушбу муассасалардаги шароитлар ҳам ўрганилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати