Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили томонидан бир қатор ёпиқ муассасаларда мониторинг ташрифлари ўтказилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили томонидан қатор ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган муассасаларда мониторинг ташрифи амалга оширилди. Жумладан, 20, 17- ва 1-сон Жазони ижро этиш колониялари, 4-сон Тергов ҳибсхонаси, Когон шаҳрида жойлашган маъмурий қамоққа олинган шахслар сақланадиган махсус қабулхона ҳамда Бухоро шаҳридаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган аёллар уйидаги шароитлар ўрганилди. Ўрганишлар давомида муассасаларга ўрнатилган “Омбудсман қути”лари ҳам текширилиб, маҳкум ва маҳбуслар мурожаатлари қабул қилинди.

Мониторинг ташрифи давомида ушбу муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш, овқатланиш, меҳнат қилиш ва тиббий хизматлардан фойдаланиш шароитлари кўздан кечирилди.

17-сон Жазони ижро этиш колониясидаги узоқ муддатли учрашув хоналаридаги шароитлар ҳам ўрганилди. Маълум бўлишича, ҳозирда қўшимча яна 5 та хона қурилган бўлиб, улар сони 15 тани ташкил этади. Лекин, шунда ҳам учрашув хоналари сони маҳкумлар сонига нисбатан кам бўлиб, бу эса учрашувлар даврийлигини таъминлашда қийинчилик туғдираётгани маълум бўлди. Омбудсманга маълум қилинишича янги учрашув хоналарини қуриш масаласи 2025 йил 4-чорак харажатлар сметасига киритилган.

Маҳкумлар билан ўтказилган ҳоли тарздаги учрашувларда улар мурожаатлари қабул қилинди. Жумладан, эшитишда муаммоси бўлган маҳкум касалхонада даволанишни сўради. Ушбу мурожаат бўйича маҳкумнинг соғлиғига оид маълумотлар Тиббиёт пункти вакили билан кўриб чиқилиб, маҳкумлар учун ихтисослашган касалхонада даволаниш бўйича тегишли чоралар кўрилди. Яна бир маҳкум уч нафар вояга етмаган фарзанди учун ижтимоий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Бу масала Омбудсманнинг Наманган вилоятидаги минтақавий вакили билан ҳамкорликда ҳал этилди.

Шунингдек, 20- ва 1-сон Жазони ижро этиш колониясида ҳам маҳкумлар билан якка тартибдаги суҳбатлар ўтказилди. Сайёр қабулда “Омбудсман қути”сида мурожаатини қолдирган маҳкумлар билан ҳам учрашилди ва мурожаатига оид ҳолатлар аниқлаштирилди.

4-сон Тергов ҳибсхонасида ўтказилган мониторинг чоғида хотин-қизлар сақланаётган камералар, вояга етмаганларга таълим бериш ҳолати, шунингдек, хўжалик ишларига жалб этилган маҳкумларга яратилган шароитлар ўрганилди. Ўрганиш давомида тергов ҳибсхонасида жазо муддатини ўтаётган ва хўжалик ишларига жалб қилинган маҳкумларга яқин қариндошлари билан узоқ муддатли учрашув учун хоналар ажратилиши тавсия қилинди.

Когон шаҳрида жойлашган маъмурий қамоққа олинган шахслар сақланадиган махсус қабулхонага ҳам мониторинг натижаларига кўра тавсиялар берилди

Бухоро шаҳридаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган аёллар уйида ўтказилган мониторинг чоғида тиббий хизмат кўрсатиш, парвариш ва маиший шароитлар ўрганилди. Ушбу муассасада сақланаётган бемор аёллар учун гинеколог ва стоматолог мутахассисларига эҳтиёж мавжудлиги аниқланди.

Мониторинг ташрифлари якунларига кўра, тегишли вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлари киритилиши таъминланади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати