Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ўзбекистон Омбудсмани Баку шаҳрида ўтказилган халқаро симпозиумда иштирок этди
2025 йил 18 июнь куни Озарбайжоннинг Баку шаҳрида Озарбайжон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамда қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Қонун устуворлигини мустаҳкамлаш: Омбудсманлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ўрни” мавзусида халқаро симпозиум бўлиб ўтди.

Мазкур нуфузли анжуманда 20 дан зиёд мамлакатдан Омбудсманлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар раҳбарлари иштирок этди. Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Мўғулистон, Миср, Озарбайжон, Ўзбекистон, Словак Республикаси, Туркия, Уммон ва Черногория каби давлатлар шулар жумласидандир. Шунингдек, тадбирда Миллий инсон ҳуқуқлари институтлари глобал альянси (GANHRI), Миллий инсон ҳуқуқлари институтларининг Европа тармоғи (ENNHRI), Ислом ҳамкорлик ташкилоти Омбудсманлар ассоциацияси (OIC Ombudsman Association) ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам қатнашишди.

1-сессияда сўзга чиққан Ўзбекистон Парламенти Омбудсмани Феруза Эшматова нутқида мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. У, жумладан, янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияда инсон қадри, шаъни ва эркинликларини кафолатлашга оид ҳуқуқий асослар янада мустаҳкамланганини таъкидлади. Шунингдек, 2024 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида”ги Қонун янги Конституция нормаларига мувофиқлаштирилгани, Омбудсман институтининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институт сифатидаги аҳамияти оширилиб, унинг ҳуқуқлари кенгайтирилгани алоҳида қайд этилди. Шунингдек, жойларда ҳуқуқий ёрдам ва жамоатчилик билан мулоқотни таъминловчи “Омбудсман мактаби” ва “Омбудсман соатлари” каби ташаббуслар ҳамда ногиронлиги бўлган болалар ва меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасида ўтказиб келинаётган “Ҳуқуқ билимдони” Омбудсман викторинаси тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.  

Анжуман доирасида Омбудсманлар ўртасида миллий тажрибалар билан ўртоқлашиш, инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг замонавий механизмларини муҳокама қилиш, жумладан, рақамлашув ва сунъий интеллект даврида инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, можаролар оқибатида жабр кўрган аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш каби долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Маълумот учун, Озарбайжон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) институти 2001 йил 28 декабрда қабул қилинган Конституциявий қонун асосида ташкил этилган мустақил давлат органидир. Омбудсман инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш, давлат органлари фаолияти устидан назорат ўрнатиш, шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш ва ҳуқуқбузарликлар юзасидан тегишли органларга тавсиялар бериш ваколатига эга. Шунингдек, Омбудсман  ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланаётган муассасаларда инсон ҳуқуқлари ҳолатини мунтазам ўрганиб, қийноқ ва шафқатсиз муомалаларнинг олдини олиш бўйича мониторинглар ўтказади.

Феруза Эшматова симпозиум доирасида бир қатор давлатлар Омбудсманлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказиб, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўзаро тажриба ва ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати