Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Навоий ва Сирдарё вилоятларидаги минтақавий вакиллари томонидан университет талабалари иштирокида “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасидаги очиқ мулоқотлар ўтказилди.
Ҳуқуқий хабардорликни оширишга қаратилган тадбирлар Навоий давлат университети, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳамда Гулистон давлат педагогика институтида таҳсил олувчи ёшлар учун ташкил этилиб, уларда 600 нафарга яқин битирувчи талабалар қамраб олинди.
Ёшларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган мазкур учрашувларда иштирок этган масъул идора вакиллари талабаларни ёшларга оид давлат сиёсати, улар ўртасида тадбиркорликни кучайтириш, таълим кредит ажратиш тартиби, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, ишга жойлашиш ҳамда битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича яратилган имконият ва имтиёзлар, шунингдек ёшлар ўртасида салбий ҳодисалар ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасига оид қонунчилик ҳақида таништиришди. Тадбирда айниқса, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали амалга оширилаётган турли кўринишдаги виртуал фирибгарлик қурбонига айланмаслик юзасидан берилган маълумотлар ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Талабаларга киберхавфсизлик, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, номаълум манбаларга ишонмаслик ва онлайн муомалада эҳтиёткор бўлиш лозимлиги ҳақида аниқ мисоллар орқали маълумотлар берилди.
Шунингдек, битирувчилар Инсон ресурслари ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш бўлими (АРГОС) томонидан танлов асосида ишга кириш имкониятлари бўйича хабардор қилинди.
Ўзаро савол-жавоб ва баҳс-мунозараларга бой бўлган учрашувларда талабалар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги қонунчилик кафолатлари ва Омбудсман фаолияти ҳақида муҳим билимларга эга бўлишди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати