Ўқув йили якунланиб бораётган паллада Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги 39-сонли ва Кегейли туманидаги 1 ва 55-сонли, Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги 13-сонли, Оқолтин туманидаги 17-сонли, Сирдарё туманидаги 4 ва 7-сонли, Навоий вилояти Кармана туманидаги 14, 20, 21 ва 25-сонли ҳамда Навбаҳор туманидаги 9, 10, 26 ва 30-сонли, Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 93-сонли, Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги 324-сонли умумий ўрта таълим мактаблари, шунингдек, Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидаги 41-сонли ҳамда Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги 3 ва 72-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабларида “Омбудсман соати” дарслари ташкил этилди.
Эркин мулоқот шаклида ўтган дарсларда юқори синф ўқувчиларига рақамли дунёда ҳимояланиш йўллари, кибербуллинг, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг мазмун-моҳияти, шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, экологик ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳаётий мисоллар ёрдамида тушунтирилди. Шунингдек, ёшларга табиатни асрамасдан инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш мумкин эмаслиги ҳақида видеороликлар асосида интерактив усулда маълумотлар берилди.
Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари томонидан ўтказилган амалий машғулотлар ўзаро савол-жавоб ва қизғин муҳокамаларга бой тарзда ўтди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати