Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Маҳкумлар шикояти қай йўл билан эшитилади? Омбудсман қутисининг аҳамияти
Жазони ижро этиш муассасаларида “Омбудсман қути”лари ўрнатилган. Маҳкум ва маҳбуслар ўз шикоят ва мурожаатларини Омбудсманга юбориш учун айнан шу қутиларга жойлаши лозим.  

“Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонуннинг 24-моддасига кўра, Жазони ижро этиш муассасаларининг ҳар бир турар жой секторида, саноат зоналарида, қисқа ва узоқ муддатли учрашувларни ўтказиш учун мўлжалланган биноларда маҳкумлар мурожаатларни қолдириши учун қулай бўлган жойда “Омбудсман қутиси” ўрнатилади.

Республикамиз бўйлаб 50 га яқин ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасаларга 350 дан ортиқ “Омбудсман қути”лари ўрнатилган. Пенитенциар муассасаларга ўрнатиган ушбу қутилар ҳар ойда камида 1 маротаба фақатгина Омбудсман ходимлари томонидан очилади ва мурожаатлар ўрганилади.

Ушбу қутилар видеокамералардан ҳоли, маҳкум ва маҳбуслар учун қулай жойларга ўрнатилган. Бу эса маҳкум ва маҳбусларга шикоятларини бевосита, хавфсиз ва махфий тарзда юбориш имконини беради. Бу маҳкумларнинг мурожаатларини эшитиш ва уларни ҳал этишдаги муҳим восита ҳисобланади.

Омбудсман ёки унинг Девони ходимлари “Омбудсман қутиси”га келиб тушган мурожаатларни қабул қилиш учун жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз кириш ҳуқуқига эга.

Қайд этиш лозимки, маҳкумларни “Омбудсман қутиси” орқали мурожаат этиш ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексида ҳам белгиланган.

Омбудсман қутисига келиб тушган мурожаатлар Омбудсман томонидан дарҳол назоратга олиниб, зарур ҳолларда ариза муаллифлари билан якка тартибда суҳбат ўтказилади ва мурожаатга оид зарур маълумотлар тўпланади. Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларнинг маъмурияти Омбудсманга, унинг ўринбосарига, ҳудудлардаги минтақавий вакилларига мазкур жойларда сақланаётган шахслар билан монеликсиз ва ҳоли учрашиш ҳамда суҳбатлашиш учун зарур шарт-шароитларни таъминлаши шарт. Учрашув ва суҳбатлар ушбу муассасалар ходимлари уларни кўриб турадиган, лекин эшитмайдиган шароитларда ҳоли тарзда ўтказилади.

Омбудсман қутиси орқали қабул қилинган маҳкум ва маҳбуслар мурожаатларини зудлик билан ҳал этиш чораси кўрилади, айрим шикоятлар ҳамда ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликлар бўйича мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг хулоса ва тақдимнома каби таъсир чоралари шаклдаги ҳужжатлар киритилиши мумкин.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати