Мазкур масала аввал ҳам Омбудсман томонидан ўрганилиб, натижаси бўйича Ички ишлар вазирлиги ва бошқа масъул идораларга тегишли хулоса киритилган ҳамда бу борада жамоатчиликка хабар берилган.
15 май куни амалга оширилаётган қурилиш ишларни яна бир бор кўриш ҳамда муассасадаги шароитларни мониторинг қилиш мақсадида, Омбудсман Котибияти ходимлари томонидан мониторинг ташрифи амалга оширилди.
Қайд этиш лозимки, ҳибсхона ҳудудида қўшимча жойлаштириш имконини яратиш мақсадида 6 қаватдан иборат янги бино қурилиши бошланган бўлиб, ҳозирда қурилишнинг сўнгги босқичи — олтинчи қават қурилиши амалга оширилмоқда. Якунланаётган қурилиш ишлари маҳбуслар учун яратилган шарт-шароитларни яхшилаш ва сақланаётган шахсларнинг яшаш майдони бўйича белгиланган нормага риоя қилиш имконини беради.
Мониторинг давомида маҳбуслар билан суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг яшаш шароити, овқатланиш, тиббий ёрдам билан таъминланиши, санитария-гигиена талабларига риоя этилиши ҳолатлари ҳам атрофлича ўрганилди. Шунингдек, учрашувга келган адвокатлар билан суҳбатлашилди.
Шу билан бирга, янги бино қурилишини тезлаштириш, мавжуд муаммони ечими бўйича тегишли чоралар кўриш юзасидан тавсиялар берилди.
Омбудсман ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида тизимли тарзда ўрганишларни давом эттиради.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати